None

Вирусли гепатит “А“ касаллигидан огоҳ бўлинг! Вирусли гепатит “А“ – ўткир юқумли антропаноз касаллик бўлиб, касалликнинг қўзғатувчиси вируслардир


Вирусли гепатит “А“ касаллигидан огоҳ бўлинг!
Вирусли гепатит “А“ – ўткир юқумли антропаноз касаллик бўлиб, касалликнинг қўзғатувчиси вируслардир. Касаллик жигар фаолиятининг бузилиши ва организмда умумий заҳарланиш аломатлари билан кечади. Сарғайиш белгиси билан кечадиган касалликлар аҳолига қадимдан маълум бўлиб, бу касалликлар тўғрисидаги биринчи маълумотлар Гиппократнинг илмий асарларида баён қилинган.
Вирусли гепатит “А“ вируси ўз хусусиятларига кўра энтеровируслар турига, пикорнавируслар оиласига мансубдир. Вирусли гепатит “А“ вируси антигенлик нуқтаи назаридан гомоген бўлиб, ўзига хос ягона антиген сақлайди. Бу антиген кучли иммуногенлик хусусиятига эга. Вируснинг юқори ҳарорат, кислоталар, эфирлар, дезинфекцияловчи воситаларга чидамлилиги унинг ташқи муҳитда узоқ муддат сақланиб қолишини таъминлайди, айниқса паст ҳароратда вирус бир неча ой, ҳаттоки йиллаб сақланиши мумкин. Вирусли гепатит “А“ касаллигининг асосий манбаи бемор одам ҳисобланади. Беморлар нажасида антигенларини юқори сезгирликдаги иммунофермент анализи усуллари билан сариқлик пайдо бўлишидан 12-14 кун олдин ва сариқлик пайдо бўлгач яна 3 ҳафта мобайнида аниқлаш мумкин. Вируснинг энг юқори миқдори бемор нажасида яширин давр охири ва бутун сариқлик олди даврида кузатилади. Бу пайтда вирусни 100% беморларда аниқлаш мумкин. Сариқликнинг 1-ҳафтасида 50%, 2-ҳафтасида 20% ва3-ҳафтасида 5% беморда вирус аниқланади, 4-ҳафтасида вирусли гепатит “А“-антигени камдан-кам ҳолларда топилади. Инфекция манбаи сифатида сариқлик олди давридаги беморлар ҳамда “А“ гепатитнинг симптомсиз шакли билан оғриганлар энг ката хавф туғдиришади. Организмга тушган қўзғатувчи миқдорига қараб, вирусли гепатит “А“ касаллигининг яширин даври 15 кундан 50 кунгача бўлиши мумкин, ўртача 25-30 кунни ташкил этади. Вирусли гепатит “А“ касаллиги асосан оғиз орқали юқади, яъни ифлосланган сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва маиший-мулоқат орқали юқади. Кўпчилик ҳолларда сув йўли асосий юқиш йўли бўлиб хизмат қилади. Озиқ-овқат йўли билан заҳарланиш ўткир ва аксарият ҳолларда сурункали тусда амалга ошади. Бу йўл билан юқишда термик ишлов берилмайдиган турли-туман озиқ-овқат маҳсулотлар, мева-сабзавотлар, кўкатлар, полиз маҳсулотлари, шарбатлар асосий юқтириш омиллари ҳисобланади. Вирусли гепатит ”А” касаллигининг олдини олишнинг асосий тадбирлари шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал ювиш, сувни фақат қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш, касаллик аниқланган беморларни ўз вақтида вирусли гепатит “А” га қарши эмлаш, касалликни олдини олишда самарали профилактик чора-тадбири ҳисобланади. Ҳозирги кунда вирусли гепатит “А“ билан касалланган беморни даволаниши учун, бир нафар беморга ўртача 900 минг — 1 млн сўм сарфланмоқда (беморни даволаниши, ярим йил давомида парҳезга риоя этиш, беморни келиб кўриб кетишига кетган транспорт сарф харажатлари ва ҳ.к.). Бугунги кунда Дунёнинг айрим давлатларида вирусли гепатит “А“ касаллигидан ҳимояловчи самарали вакциналар ишлаб чиқилиб, оммавий эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Вирусли гепатит “А“ касаллигига қарши эмлаш 94-98% ҳолатларда вирусли гепатит “А“ касаллигини олдини олади ва ушбу вакцина ишлатилганда эмлашдан кейинги асоратлар кузатилмайди. Ҳозирги вақтда, вирусли гепатит “А“ касаллигига қарши эмлаш ишлари кенг тарзда олиб борилмоқда. Вирусли гепатит “А“ касаллигига қарши эмлаш мақсадида “Гепатит А“га қарши вакцина қўлланилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, ушбу вакцинанинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатловчи сертификатлари мавжуд бўлиб, вакцинация бир маротаба қўлланилади, қайта эмлаш ишлари талаб этилмайди. Вирусли гепатит ”А” касаллигига қарши эмлашга асосан 18 ойлигидан 14 ёшгача бўлган болалар эмланиши режалаштирилган. Вирусли гепатит “А“ касаллигига қарши эмлаш ишлари вилоятнинг барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги эмлаш пунктларида амалга оширилади.
Ҳурматли ота-оналар, болаларингизни вирусли гепатит “А” касаллигига чалинмасликнинг асосий ва ягона усули, вирусли гепатит “А“ касаллигига қарши профилактик эмлаш ҳисобланади.