None

Akfa Group ижрочи директори, Камрон Ғуломовнинг ташриф маърузаси


17 феврал куни Akfa Group ижрочи директори Камрон Ғуломов талабалар олдида нутқ сўзлади. Маъруза бизнес жараёнлар трансформациясига бағишланди ва давра суҳбати шаклида бўлиб ўтди. Маърузачи нафақат компаниянинг бозордаги етакчилик мавқеини сақлаб қолишида технологик янгиликларнинг долзарблиги, балки рақобатчиларидан устунроқ бўлишни истаган ҳар қандай компания қандай принципларга риоя қилиши кераклиги ҳақида сўзлаб берди. Суҳбат давомида компания раҳбари талабаларга бир қанча профессионал маслаҳатлар берди ва ўз карьера қуриш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, компания ва Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, профессионал кадрлар тайёрлаш соҳасида кўп тармоқли ҳамкорликни ўз ичига олади. Шунингдек, келишувнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича режа тузилган, ва талабаларни компания заводларида ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништириш, институтнинг иқтидорли талабалари учун грантлар ажратиш, амалиёт ўташ ва институт базасида илмий лабораториялар яратишни назарда тутади. Иш жадвалига кўра, 120 дан ортиқ талабалар ишлаб чиқариш экскурсияси доирасида компаниянинг йирик фабрикаларида бўлишди. Шунингдек, компания 10 та академик грант учун танлов эълон қилди. Айни пайтда талабалар фаол равишда грант учун ариза топширмоқдалар. Кейинги босқичда компаниянинг таркибий бўлинмаларида амалиёт ўташ учун турли йўналишларда таҳсил олаётган талабалар саралаб олиниши кутилмоқда. Шундай қилиб, компания талабаларга ўзларини намоён этиши, рағбатлантирилиши ва карьера қуриши учун катта имкониятлар яратмоқда.