Боулинг чемпионати
Яккасаройда боулинг чемпионати ўтказилди.
«Тошкент/Яккасарой ёшларни севади» ёшлар ойлиги доирасида Яккасарой туман ҳокимлиги томонидан туманда жойлашган олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида «Magic city» паркида боулинг чемпионати ташкил этилди.
Унда Яккасарой туманида жойлашган 6та олий таълим муассасаларининг талаба-ёшларидан иборат жамоалар иштирок этди.
Чемпионат аввалида талаба-ёшлар билан туман ҳокими А.Сайфутдинов ҳамда сектор раҳбарлари учрашиб, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун яна қандай мусобақа ва тадбирлар ташкил этиш лозимлиги юзасидан талабаларининг таклифларини ўргандилар.
Билдирилган таклифлар асосида Яккасарой туманида талаба-ёшлар ўртасида баскетбол мусобақаси, «Йил талабаси» танлови ҳамда фаол ёшлар учун «Ҳоким стипендияси» жорий этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Боулинг чемпионатида 1-ўринни Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти талабалари, 2-ўринни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабалари, 3-ўринни эса Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари қўлга киритдилар.
Ғолиб жамоалар туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари - телевизор ва мини-печь билан тақдирландилар.
Яккасарой туман ҳокимлиги Матбуот хизмати