Бугун Тошкент Кимё халқаро университетида талабалар иштирокида “Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш!” ҳамда “Инсон қадри ва ҳуқуқларининг устуворлиги – тараққиёт пойдевори” мавзуларида маънавий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси О. Холиқов ва Яккасарой тумани Рахимхон хожи ота жомеъ-масжиди бош имоми Б. Махмудов иштирок этди.
Суҳбат давомида жаҳолат ва лоқайдликка қарши курашишда билим ва маърифатнинг аҳамияти, ёшларни ёт ғоялар ва экстремистик қарашлар таъсиридан асрашда танқидий фикрлаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, диний ва дунёвий билимлар уйғунлиги орқали соғлом дунёқарашни ривожлантириш муҳим экани қайд этилди.
Инсон қадри ва ҳуқуқларининг устуворлиги тараққиётнинг асоси экани, адолат тамойилларини қарор топтириш ҳамда шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Ёшларнинг ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдаги фаол иштироки муҳим экани тушунтирилди.
Тадбир интерактив мулоқот шаклида ўтиб, талабалар иштирокида савол-жавоблар ташкил этилди. Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни танқидий таҳлил қилиш ва ҳуқуқий билимларни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, маънавий иммунитет ва ҳуқуқий саводхонликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.