Бугун Тошкент Кимё халқаро университетида талабаларнинг ахборот хавфсизлиги бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “Кибер-кун” тадбири ўтказилди
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Капитал банкнинг Anti-Fraud йўналиши мутахассиси Ж. Абдулхаев, Киберхавфсизлик маркази мутахассиси М. Рахмонқулова, CentiSec платформаси асосчиси ва ethical hacking йўналиши ментори Ш. Абдурасулов ҳамда “Electronic Autonomous Solutions” компанияси мутахассиси А. Ўринов иштирок этди.
Мутахассислар томонидан хакерлик тушунчаси ва унинг турлари, кибергигиена, шахсий маълумотлар хавфсизлиги, сунъий интеллект истиқболлари, финтех технологиялари ҳамда рақамли муҳитда фирибгарлик хавфлари мавзуларида маърузалар тақдим этилди.
Тадбир давомида талабалар киберҳужумлар ва таҳдидларни аниқлаш, заифликларни таҳлил қилиш, кибержиноятларнинг олдини олиш, интернетдан хавфсиз фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда кибергигиена қоидаларига оид амалий билимларга эга бўлдилар. Шунингдек, иштирокчилар мутахассислар билан очиқ мулоқот ўтказиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Тадбир ёшлар ўртасида рақамли саводхонликни ошириш, интернет маданиятини шакллантириш ва киберхавфсизлик бўйича онгли ёндашувни кучайтиришга хизмат қилди.