
🤝Бугун университетимиз вакиллари Жанубий Кореянинг нуфузли олийгоҳларидан бири — Suncheon National University’га ташриф буюрдилар
Бугун университетимиз вакиллари Жанубий Кореянинг нуфузли олийгоҳларидан бири — Suncheon National University’га ташриф буюрдилар. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – ушбу университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳаёти ва ўқиш жараёнлари билан яқиндан танишиш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўлди.
Suncheon университетида ўқиётган ёшларимиз билан учрашув чоғида улар ўз таълим йўли, Кореяда яшаш тажрибаси ва келажак режалари ҳақида самимий фикр билдиришди. Талабаларимиз билан мулоқот давомида уларнинг молиявий шароитлари, тил ўрганишдаги ёндашувлари ҳамда ўқишдан бўш вақтларидаги фаолияти ҳақида ҳам маълумот олинди.
Шунингдек, университет вакиллари ва шу қаторда халқаро алоқалар бўлими раҳбари Сео Кан-Сёк билан музокаралар олиб борилди. Учрашувда 2+2 қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар алмашинуви ва илмий ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, ёзги таълим дастурларини кенгайтириш, талабалар алмашинуви форматида ривожлантириш ва грантлар сонини кўпайтириш бўйича аниқ режалар белгиланиб олинди.