Хитой делегацияси Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди
2023 йилнинг 5 сентябридан бошлаб университетимиз D биносининг 6-қаватида Hisense Academy номи билан янги лаборатория фаолияти бошланган эди. Ушбу лабораторияда талабалар учун илмий-тадқиқот ишлари ва амалиётларни амалга ошириш имконияти яратилган. Hisense HVAC компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бу академия "Қурилиш ва архитектура" таълим йўналиши талабаларига турли хил семинар ва тренинглар ўтказмоқда.
Куни кеча, Хитойнинг Шандун провинцияси Савдо департаменти директори жаноб Жан Цинвей бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Университет ректори проф. Каримжон Ахмеджанов делегацияни кутиб олиб, уларга университет фаолияти ва Hisense Academy ҳақида батафсил маълумот берди. Ташриф давомида Hisense академиясининг фаолиятини янада кенгайтириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Хитойнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар-тренингларда юқори баҳоларга эга бўлган талабаларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди. Бу эса талабаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини янада оширди ва уларни келгусидаги фаолияти учун илҳомлантирди.
Ушбу ташриф ва ҳамкорлик доирасида Hisense Academy университетимиз талабалари учун янги имкониятлар эшигини очади ва уларнинг профессионал ривожланишига катта ҳисса қўшади. Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар эса университетимиз нуфузини янада оширади.