Хорижий тилларни ўрганиш нега жуда муҳим?
Хорижий тилларни ўрганиш нега жуда муҳим? Сабаблардан бири - инсон янги тил билан бирга ўша халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи ва тарихини ўрганади. Бу эса ҳар бир одамнинг дунёқарашини кенгайтиради.
Куни кеча Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг кечки таълим йўналишида таҳсил олаётган «Корейс тили» факультетининг 1-курс талабалари «Қизиқарли корейс маданияти» номли тадбир ўтказди.
Дарс жараёнини қизиқарли ва дўстона муҳитга айлантира олган талабалар гуруҳларга бўлиниб, рангли қоғозлардан корейс миллий кийимларини ясашди.
Корейс ошхонасига қизиққан ҳар бир инсон, албатта, ким-паб деб аталмиш миллий таом ҳақида эшитган. Талабалар ўз қўллари билан мазали ким ва ранг баранг сабзавотлар тўпламидан ким-паб ҳам тайёрлашди.
Тадбир сўнгида йил давомида аъло бахоларга ўқиб, дарс жараёнларида фаол қатнашган талабаларга корейс тили кафедраси томонидан фахрий ёрлиқлар топширилди.