Институт маъмурияти соҳадаги асосий иш берувчиларнинг талабларини инобатга олган ҳолда
Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ҳамда Ўзбекистондаги Американинг халқаро франчайзинг компанияси - Marriott International меҳмонхонаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Музокаралар давомида туризм соҳасида меҳмонхона менежменти учун зарур бўлган дастурлардан бири - OPERA Property Management System (PMS) дастурида ишлай олиш соҳадаги иш берувчиларнинг ишга қабул қилишдаги асосий талабларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилган эди. Институт маъмурияти соҳадаги асосий иш берувчиларнинг талабларини инобатга олган ҳолда, HRS компаниясининг OPERA PMS дастурий таъминотини «Туризм» йўналишининг ўқув режасига татбиқ этади. Режага мувофиқ, 2021 -2022 ўқув йилидан бошлаб талабалар ушбу дастурни ҳам ўзлаштирадилар. Натижада, Институт томонидан ушбу дастурий таъминот ҳарид қилинди ва «Туризм» йўналишининг бир гуруҳ устозлари учун OPERA PMS дастури бўйича тренинг машғулотлар ташкил қилинди. Машғулотларни HRS компаниясининг бош мутахассиси Равшан Сагдиев олиб борди.
Маълумот ўрнида: HRS Oracle компаниясининг меҳмонхона йўналишида дунёдаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади. Шунингдек, расман Oracle Hospitality Partner сифатида тан олинган HRS, 7500 дан ортиқ мамлакатларда хизматлар кўрсатади.