Кимё халқаро университети ва Гарвард университетининг Davis Center маркази илмий ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди
2026 йил 28 октябрь куни Кимё халқаро университети таъсисчиси, профессор Алишер Ваҳобов бошчилигидаги делегация АҚШнинг Гарвард университетига ташриф буюриб, Davis Center for Russian and Eurasian Studies илмий маркази раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Делегацияни Davis Center директори ўринбосари Крис Мартин ҳамда Марказий Осиё дастури директори, катта илмий ходим Наргис Касенова кутиб олди.
Учрашувда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш, академик алмашинувни ривожлантириш ҳамда Visiting Scholars дастури доирасида олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар билан бир қаторда, талабалар, магистрантлар ва докторантларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, уларни халқаро академик муҳитга жалб этиш ва илмий изланишларга қизиқишини рағбатлантиришнинг аҳамиятига ҳам эътибор қаратилди.
Томонлар қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, халқаро ҳаммуаллифликда илмий мақолалар тайёрлаш ҳамда Visiting Scholars дастури доирасида грант ажратиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Ҳамкорликда Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, минтақавий жараёнлар, таълим ва халқаро муносабатларга оид тадқиқотларга устувор аҳамият қаратилади.