None

“Kimyo University Hospital“да Япониялик машҳур терапевт, соғлом турмуш тарзи бўйича тажрибали мутахассис


Ҳозирда Тошкент Кимё халқаро университетининг “Kimyo University Hospital“да Япониялик машҳур терапевт, соғлом турмуш тарзи бўйича тажрибали мутахассис Тсучия Сенсей илмий-амалий ташриф билан бўлиб турибди. У талаба ва ўқитувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиб, ўзининг ноёб “Тсучия терапияси” ҳақида маълумотлар билан бўлишди.
Бугунги кунда кўплаб инсонлар соғлигидаги муаммолардан шикоят қилмоқда: тез чарчаш, ҳолсизлик, сурункали касалликлар ва ҳаёт сифати пасайиши. Бунга сабаб – танада йиғилиб қолган чиқинди ва токсин моддалардир. Япониялик терапевт Тсучия Сенсеининг ноёб ёндашуви айнан мана шу муаммолар илдизига қарши курашишга йўналтирилган.
Тсучия терапиясининг асосий тамойили шуки, инсон танаси ўзини ўзи соғломлаштириш қобилиятига эга. Аммо бу қобилият турмуш тарзи, стресс, нотўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик етишмаслиги туфайли сусаяди. Терапияда организмда йиллар давомида тўпланган оҳакланма-ар (тўқималардаги қаттиқ чиқиндилар) махсус усуллар ёрдамида парчалаб чиқарилади.
Муолажа натижасида танадаги лимфа ва қон айланиши яхшиланади, ҳужайралар фаолияти тикланади, иммун тизим мустаҳкамланади. Қисқа муддатли реакция сифатида иситма, ҳолсизлик, тананинг ўзгариши кузатилиши мумкин. Булар тананинг ўз ҳолатига қайтаётганининг белгиларидир.
Кўплаб беморлар бу терапия орқали соғлиғини тиклаб, ҳаётга қайта умид билан қарашган. Бу услуб дорисиз, сунъий аралашувларсиз, тананинг табиий салоҳиятига асосланган соғайиш йўлидир.
Тадбир давомида профессор талабаларга муолажа жараёнидаги физиологик ўзгаришлар, муваффақиятли натижалар ҳамда соғлом ҳаёт тарзининг психоэмоционал фойдаларини ҳам тушунтириб ўтди. Учрашувни янада қизиқарли ва амалиётга яқинлаштириш мақсадида реал ҳаётдан мисоллар келтирилди, талабаларнинг саволларига батафсил жавоблар берилди.
Учрашув якунида Тсучия Сенсей Тошкент Кимё халқаро университети билан келгусида ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритди. Жумладан, тиббиёт мактаби талабалари учун Японияда мазкур методика бўйича стажировка ва амалиёт дастурларида қатнашиш имконияти муҳокама қилинди. Бу талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш, халқаро тажриба тўплаш ҳамда табиий соғломлаштириш усулларини чуқур ўрганишлари учун муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.