None

MIMAR Group ва Ёджу техника институти


Куни кеча, MIMAR Group ва Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ўртасида архитектура ва қурилиш соҳасида ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 
Тадбирда MIMAR Group компаниясининг раҳбари Ферузбек Давронов ҳамда ТЁТИ ректори  Жанполат Кудайбергенов, «Архитектура ва шаҳарсозлик» йўналиши раҳбари Камолладин Саидов иштирок этди. Асосий мақсад таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги орқали фан, техника ва технология ютуқларидан самарали фойдаланиш, бозор иқтисодиёти муҳитида таълим ва ишлаб чиқаришни рақобатбардошлигини ошириш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий ва мукаммал тизимини жорий қилиш деб белгиланди. Шунингдек, малакавий талаблар ҳамда эҳтиёж ҳажмини компаниялар таклифлари ва тажрибалари асосида шакллантириш кўзда тутилган. 
Янги ўқув йилидан бошлаб, «Архитектура ва шаҳарсозлик» йўналиши талабалари учун, MIMAR Group компаниясининг тажрибали архитектор ва дизайнерлари билан ҳамкорликда ўқув устахонаси (workshop) ташкил қилиш ва унда мамлакатимизда мавжуд лойиҳалар устида биргаликда ишлашга келишиб олинди. 
Учрашув давомида «Тасаввур қилинг, ҳозирда мамлакатимизда қурилаётган иморатлар лойиҳаси устида бизнинг ёш талабаларимиз ҳам ўз ижоди, иқтидори билан, бинонинг концепцияси, чизмаси, ранги, ёки дизайнига ўзгартириш киритса, эртага у албатта ўша иморат олдидан ўтаётиб фахр билан - буни мен қилганман, деб айтади, ва бу унга бутун умрлик мотивация бўлади» - дея таъкидлади «Архитектура ва шаҳарсозлик» йўналиши раҳбари Камолладин Саидов.