Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги»
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» кўкрак нишонига муносиб деб топилган вазирлик масъул раҳбар ва ходимлари ҳамда олий таълим муассасаларининг бир қатор ректорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов тадбирдаги нутқида барчани энг азиз байрам – жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан табриклаб, мукофотларни ўз эгаларига топширди.
Мамлакатимиз илм-фан ва таълим соҳасини тараққий эттириш, ёшларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш йўлида алоҳида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимиз орасида вазирлик ва тизимдаги ходимлар, шунингдек, олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳам алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.
Вазир эътирофга сазовор бўлганларни самимий қутлаб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан сўнгги йилларда амалга оширилаётган олий таълим тизимидаги туб ислоҳотларда камарбаста бўлиб, фидокорона ва сидқидилдан меҳнат қилаётган шу соҳа вакилларининг хизматлари юксак эътироф этилганини алоҳида билдирди.
Мукофотланганлар ушбу юксак эътироф ва рағбат олий таълим тизими тараққиёти йўлида янада самарали меҳнат қилиш учун янгидан янги куч ҳамда ғайрат беришига ишонч билдиришди.
Эътироф этилганларни чин дилдан самимий муборакбод этиб, соҳа ривожига қўшаётган фидокорона меҳнатингиз бардавом бўлишини тилаб қоламиз!
Манба: Ахборот хизмати Edu.uz