
Португалияда хизмат сафарида бўлиб турган Тошкент Кимё халқаро университети (KIUT) делегацияси 2025 йил 22 июль куни Авейру шаҳрида жойлашган “University of Aveiro” университетига расмий ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Португалия ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, академик имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувни “University of Aveiro” ректори, профессор Пауло Жорже Феррейра ўзининг самимий қутлов нутқи билан очиб берди. У ўз нутқида халқаро ҳамкорликнинг глобал аҳамияти, университетлар ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш зарурлиги ва таълим, фан соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Тошкент Кимё халқаро университети ректори, профессор Каримжон Ахмеджанов ўз тақдимотида KIUTнинг таълим соҳасидаги ютуқлари, халқаро лойиҳалардаги иштироки, ўқув-илмий муҳитни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда талабаларга яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Учрашув якунида томонлар университетлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумини имзоладилар. Унга мувофиқ, икки томон “Эразмус+” дастури доирасида қўшма лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш, профессор-ўқитувчиларни ўзаро алмашиш ва уларнинг малакасини ошириш, бакалавриат ва магистратура босқичлари учун “2+2” ва “1+1” форматларида талабалар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро анжуманлар, симпозиумлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, шунингдек, фан ва таълим соҳасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш юзасидан келишиб олдилар.
Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро англашув ва ишончни кучайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.