Тарихий хотира — миллат келажагининг маънавий пойдевори
Жорий йилнинг 12 март куни Тошкент Кимё халқаро университети ректори А.Б. Аллакулиев бошчилигида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ва юздан ортиқ талаба-ёшларнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда Шаҳидлар хотираси майдонига ташрифи ташкил этилди.
Бу ташрифнинг асосий мақсади — ёш авлодга миллат тарихининг энг оғир ва синовли саҳифаларини англатиш, сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда улар хотирасини абадийлаштиришдан иборатдир. Чунки тарихни билиш — бу шунчаки ўтмиш ҳақида маълумот олиш эмас, балки миллатнинг маънавий тажрибасини англаш ва келажак учун тўғри хулосалар чиқариш демакдир.
Ташриф давомида талабалар музей экспозициялари билан яқиндан танишиб, ХХ асрнинг 30–40-йилларида юртимизда амалга оширилган сиёсий қатағонлар ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдилар. Ушбу даврда ноҳақ айблар билан таъқиб қилинган, қамалган ва қатл этилган минглаб ватандошларимиз тақдири ҳақидаги архив ҳужжатлари, фотосуратлар ва шахсий буюмлар ёшларда чуқур таассурот қолдирди.
Ташриф адабий-маърифий дарс шаклида ўтказилиб, университетнинг “Тарих” кафедраси профессор-ўқитувчилари ва музей ходимлари томонидан талабаларга тарихий манбалар асосида ўша давр воқеалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу жараён ёшларда нафақат билим, балки тарихга нисбатан масъулиятли муносабатни ҳам шакллантиришга хизмат қилди.
Шунингдек, талабалар Шаҳидлар хотираси майдонида барпо этилган ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, мустақиллик йўлида қурбон бўлган аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар. Бу ердаги муҳит ва маънавий руҳ ёшларга тарихнинг аччиқ сабоқларини янада чуқурроқ ҳис қилиш имконини берди.
Ташриф якунида университет ректори раҳбарлигида музейдан олинган таассуротлар юзасидан фикр алмашилди. Суҳбат давомида ёшлар учун миллий тарихни чуқур ўрганиш, аждодлар меросини қадрлаш ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Бундай маърифий ташрифлар ёш авлодга бир муҳим ҳақиқатни англатади: эркинлик, тинчлик ва мустақиллик осонликча қўлга киритилмаган. Шу боис тарихий хотирани асраш, ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқариш ва келажак учун масъулият билан яшаш ҳар бир авлоднинг бурчи ҳисобланади.