Тошкент Кимё халқаро университети делегацияси Португалиянинг Nova университети билан ҳамкорликни йўлга қўйди
Тошкент Кимё халқаро университети таъсисчиси, профессор Алишер Ваҳобов, университетнинг Наманган филиали директори, профессор Тўлқин Расулов ва директор ўринбосари Адхамжон Қодиржонов халқаро таълим алоқаларини ривожлантириш ҳамда университетнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш мақсадида Португалиянинг Лиссабон шаҳрида ташрифни давом эттирдилар.
Ташриф доирасида делегация Financial Times рейтинги бўйича Португалиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири саналган Nova университетининг Бизнес ва иқтисодиёт мактаби раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Nova университетининг молия ва бошқарув соҳалари бўйича магистратура дастурлари халқаро рейтингларда жаҳоннинг энг кучли ўнталигига кирган (7 ва 8-ўринлар).
Nova университетининг Корпоратив алоқалар бўлими бошлиғи д-р Марко Эспенҳеира билан ўтказилган учрашув давомида қуйидаги масалалар бўйича келишувга эришилди.
Қўшма таълим дастурлари:
Бакалавр босқичида 2+2 ва 3+1 шаклидаги ўқув дастурлари жорий этилади. Бу дастурлар талабаларга ўқишнинг муайян қисмини Тошкент Кимё халқаро университетида, қолган қисмини эса Nova университетида ўқиш имконини беради.
Магистратура босқичида 1+1 шаклидаги ўқув дастурлар ташкил этилади, бу талабаларга икки университет мутахассисликларини ўзлаштирганлик тўғрисидаги қўшма дипломга эга бўлиш имкониятини беради.
Профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви:
Ҳар икки университет профессор-ўқитувчилари ўртасида ўзаро алмашинувлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳамкорлик талабаларга халқаро тажриба ва илғор билимларни ўзлаштиришга имкон беради.
Executive MBA дастурлари:
Ҳамкорлик доирасида Nova университети билан биргаликда юқори даражадаги менежерлар ва тадбиркорлар учун Executive MBA дастурлари ташкил этилади. Бу дастурлар иштирокчиларга стратегик бошқарув, молия ва лидерлик бўйича замонавий билимларни беради.
Янги имкониятлар сари қадам:
Бу ҳамкорлик университетнинг халқаро даражадаги мавқеини янада мустаҳкамлаш ва талабаларга жаҳон стандартларига мос таълим олиш имкониятини тақдим этади.
Nova университети ва Тошкент Кимё халқаро университети ўртасидаги ҳамкорлик келажакда икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши кутилмоқда. Тошкент Кимё халқаро университети раҳбариятининг бундай ташаббуслари халқаро таълим ҳамжамиятида университетнинг нуфузини янада оширишга қаратилган муҳим қадамдир.