
Тошкент Кимё халқаро университети делегациясининг KONKUK университетига расмий ташрифи
Тошкент Кимё халқаро университети таъсисчиси профессор Алишер Вахобов бошчилигидаги делегация айни дамда Жанубий Кореяда хизмат сафари билан бўлиб турибди. Сафар доирасида делегация аъзолари Сеул шаҳрида жойлашган дунёдаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — KONKUK University (KU)га ташриф буюришди.
Меҳмонларни университетнинг ташқи ишлар бўйича проректори профессор Йеом Жэ Ун, шунингдек, халқаро алоқалар бўлими директори Ву Хёнг Ли ва директор ассистенти Лим Чеол Квон самимий кутиб олди. Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, академик алмашинув, қўшма таълим дастурлари ва тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: KONKUK университети QS World University Rankings 2025да 721–730 ўринлар орасида жой олган бўлиб, таълим сифати, инновацион ёндашув ва халқаро рейтингдаги ўрни билан ажралиб туради. Университетда хорижлик талабалар учун инглиз тилида таълим олиш имкони мавжуд бўлган икки асосий факультет фаолият юритади:
1. Халқаро бизнес
2. Инглиз тили
Университет раҳбарияти яқин келажакда сунъий интеллект факультетини очиш режасини ҳам маълум қилди.
Учрашув давомида KONKUK University томонидан хорижий талабалар учун ташкил этилаётган 2 ҳафталик ёзги таълим дастури ҳақида ҳам маълумот берилди. Тошкент Кимё халқаро университети талабалари ушбу лойиҳада иштирок этиш учун таклиф этилди, бу эса талабаларнинг халқаро тажрибасини оширишда муҳим имкониятдир.
Шунингдек, икки университет ўртасида 1+1 магистратура дастурини йўлга қўйиш масалалари юзасидан келишувларга эришилди. Бу дастур орқали талабалар икки давлатда таҳсил олиб, икки дипломли мутахассис сифатида меҳнат бозорига қадам қўйиш имкониятига эга бўлади.
Стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида томонлар ўртасида меморандум имзолаш маросими жорий йилнинг иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган.