None

Тошкент Кимё халқаро университети халқаро ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириб бормоқда


Жумладан, жорий йилнинг 11 сентябрь куни университет таъсисчиси А. Вахобов ва университет ректори К. Ахмеджанов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасининг Циндау шаҳрида жойлашган Шандунг университетига ташриф буюришди. Делегация аъзоларини университет президенти жаноб Zhanjun Xin илиқ кутиб олди.

Шандунг университети Хитой Халқ Республикасида Олий таълим вазирлиги томонидан эътироф этилган ва қарийб 123 йиллик тарихга эга бўлган давлат университети ҳисобланади. Мазкур университет жами 300 гектар ер майдонида жойлашган учта кампусдан иборат бўлиб, замонавий услубда барпо этилган. Шандунг университети Хитой университетлари рейтингида ТОП-10 таликка кирган, жаҳон университетлари рейтингида эса ТОП-100 таликдан жой олган таълим муассасаси ҳисобланади. Университет 2024 йилда Global рейтингида 248-ўринни эгаллади. QS World University Rankingsда 316 ўринда жой олган.

Тошкент Кимё халқаро университети делегациясининг мазкур университетга ташрифидан асосий мақсад - ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, янги лойиҳаларни ташкил этиш, талабалар учун Хитой таълим стандартлари бўйича энг илғор билимлар ва алмашинув дастурларини яратиш бўйича келишувларни амалга оширишдан иборат.

Эндиликда, университетимиз талабалари Хитойнинг етакчи – ТОП университетларида “1+3”, "2+2", “3+1” бакалавриат дастурлари доирасида ҳамда магистратура босқичида таҳсил олишлари мумкин бўлади.