Тошкент Кимё халқаро университети таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида грант дастурларини амалга оширмоқда
Тошкент Кимё халқаро университети таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида грант дастурларини амалга оширмоқда. Ушбу грантлар нафақат иқтидорли, балки молиявий жиҳатдан қийналаётган талабаларни ҳам қамраб олади.
Университетнинг грант дастурлари қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
Таъсисчилар гранти: 240 нафар талаба учун ажратилган бўлиб, бу грант университетнинг ривожланишига кўмак берган шахслар ҳиссасини эътироф этади.
Номдор грантлар: Бу грантлар иқтисодчи олим Аҳмаджон Ўлмасов, академик Мурод Шарифхўжаев ва университетнинг биринчи ректори Жанполат Қудайбергенов хотирасини абадийлаштириш мақсадида 15 нафар талаба учун ажратилган.
Ушбу грантлар орқали университет илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган шахсларнинг фаолиятини ёдга олади.
Давлат грантлари: 20 нафар талаба учун мўлжалланган бўлиб, муҳандислик йўналишидаги талабаларга ажратилган.
Университетнинг Наманган филиалидаги талабалар ҳам номдор грантлар совриндорлари сафидан жой олишди. Бу эса, университет филиаллари ўртасида соғлом рақобат ва муваффақиятга эришиш мотивациясини кучайтиради.
Грант дастурлари орқали иқтидорли талабалар илмий изланиш ва таълим олишга тўлиқ эътибор қаратишлари учун шароит яратилади.
Молиявий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган талабалар олий таълим олиш имкониятига эга бўлишади.
Университетнинг академик ва илмий салоҳияти янада ортади.
Тошкент Кимё халқаро университети нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам талабаларига ноёб имкониятлар яратмоқда. Университетнинг глобал таълим ҳамкорлиги доирасида Жанубий Кореянинг Sungshin Women's University томонидан икки нафар талабага 100 фоизлик грант ажратилгани алоҳида эътиборга моликдир.
Университетнинг ушбу ташаббуслари юксак қадриятларни тарғиб қилиш билан бирга, мамлакатнинг юқори малакали мутахассисларини тайёрлашга хизмат қилади.