None

Тошкент Кимё халқаро университетининг «Таржимашунослик» йўналишида илмий мактаб шаклланиб бормоқда


Тошкент Кимё халқаро университетининг «Таржимашунослик» йўналишида илмий мактаб шаклланиб бормоқда. Университетнинг «Таржима назарияси ва амалиёти» кафедрасида замонавий тил, адабиёт ва таржима масалаларига оид бир қатор PhD тадқиқотлари олиб борилмоқда. 11-12 апрель кунлари QS жаҳон университетлари рейтингининг топ 1000 талигида 344 ўринни эгаллаган Португалиянинг Авеиро университетда халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда. Анжуманда дунёнинг 15 дан ортиқ давлатларидан олимлар иштирок этмоқдалар. Мазкур нуфузли анжуманда университетимиз профессори DSc Гулноза Одилова ва мустақил тадқиқотчи Моҳина Ҳамидова томонидан «Болалар адабиётидаги таом дискурсининг маданий аспектлари (Шарқ ва Ғарб адабиёти мисолида)» номли илмий маъруза қилинди. Шунингдек, мазкур университетнинг «Тил ва маданият» кафедраси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Унга кўра кафедралараро профессор ва ўқитувчилар алмашинуви, талабалар томонидан ўзбек ва португал болалар адабиётидан таржима лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.