Тошкент Кимё халқаро университетининг Япония IT-гиганти Cross Cat Co., Ltd. билан ҳамкорлиги.
Япония IT соҳасида жаҳонда етакчи давлатлардан бири бўлиб, сунъий интеллект (AI), киберхавфсизлик, булутли технологиялар ва робототехника каби соҳаларда юксак ютуқларга эришган. IT саноати Япония иқтисодиётининг муҳим қисми бўлиб, мамлакатда иш ўринлари яратиш ва янги технологияларни жорий қилиш орқали иқтисодий ривожланишга катта ҳисса қўшади.
Тошкент Кимё халқаро университети делегация аъзолари Япониянинг энг йирик IT компанияларидан бири ҳисобланган Cross Cat Co., Ltd. компаниясига ташриф буюришди.
Тошкент Кимё халқаро университетининг (ТКХУ) делегация аъзоларини Cross Cat Co., Ltd. компаниясининг Президенти Мицунори Ямане ва раиси ҳамда Бош ижрочи директори Таканори Иноуэ қабул қилдилар. Ушбу учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ТКХУнинг «Ахборот тизимлари муҳандислиги» йўналиши талабалари япон тилини бошланғич асосларини ўзлаштирганларидан сўнг, Япониядаги маҳаллий ва хорижий IT компанияларида амалиёт ўташ имкониятига эга бўлишади.
Музокаралар давомида ТКХУнинг таъсисчиси проф. А.Ваҳобов университетнинг «Ахборот тизимлари муҳандислиги» йўналишининг ўқув режаларини замонавий халқаро IT дастурларига мослаштириш замон талаби эканлигини, бу эса талабаларга халқаро меъёрларга мос билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятини яратишини таъкидлади.
Келишувга мувофиқ, университетнинг юқори курс талабалари ва битирувчиларини Cross Cat Co., Ltd., компаниясига ишга жойлаштириш режалаштирилди.
Яқин келажакда Cross Cat Co. Ltd., компаниясининг раиси ва Бош ижрочи директори Таканори Иноуэ ҳамда юқори малакали IT инженерлари ТКХУ ташриф буюришлари кутилмоқда. Ушбу ташриф доирасида университет талабалари ва ўқитувчилари учун семинарлар, тренинглар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бу икки томонлама ҳамкорликнинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Cross Cat Co., Ltd. компанияси ҳақида.
1973 йилда ташкил этилган Cross Cat Co., Ltd. компанияси нафақат Японияда, балки халқаро миқёсда ҳам энг нуфузли IT компаниялардан бири сифатида тан олинган. Компания қуйидаги йўналишлар бўйича фаолият юритади:
Тизимли ечимлар (System solutions): Компания йирик молиявий ташкилотлар ва давлат секторига уларнинг бизнес стратегиялари ва операцияларини назорат қилишга мўлжалланган тизимли IT ечимларини ишлаб чиқади.
Тизим яратиш хизматлари (System development services): Компаниялар учун махсус дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
BI business: Компания маълумотлар таҳлили орқали бизнес жараёнларини оптималлаштиришга хизмат қилади.
Кадрлар хизмати (Staffing services): IT мутахассисларини тайёрлаш ва ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатади.
Cross Cat Co., Ltd. компаниясининг йиллик савдо айланмаси 1,5 миллиард япон йенасидан ошади, бу эса компаниянинг барқарорлиги ва муваффақиятини кўрсатади.