None

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида «Бошланғич ва мактабгача таълим» ..


Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида «Бошланғич ва мактабгача таълим» йўналиши талабаларининг Vosiq International School and Kindergarten ҳамда Oxbridge international school хусусий таълим муассасаларида ташкил этилган танишув амалиёти натижаларининг ҳисобот-тақдимотига бағишлаб «Бошланғич ва мактабгача таълимда назария ва амалиёт уйғунлиги» мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Семинарда бошланғич таълимда педагогик фаолиятни ташкил қилишнинг ўқувчига йўналтирилганлиги ҳамда унда педагогнинг креатив компетентлиги масалалари муҳокама этилди. Педагогика фанлари номзоди, профессор М.И.Жумаев, доцент Ш.Йўлдашева, Б.Ў.Пардаев сингари соҳа олимларининг бир қатор маъруза ва маҳорат дарслари асосида институт талаба-ёшларига атрофлича йўналишлар берилди. Шунингдек, семинарга ташриф буюрган Vosiq International School and Kindergarten хусусий таълим муассасаси директори Д.В.Халилова танишув амалиёти якунлари ҳақидаги хулосалари билан ўртоқлашиш асносида мазкур амалиёт жараёнида фаол иштирок этган йўналиш талабаларининг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, уларнинг иқтидори ва қобилияти борасида ижобий фикрлар билдирди. Талаба-ёшларнинг ижодий чиқишлари тадбирга янада байрамона руҳ бағишлади. Анжуман сўнгида институт ректори ҳамда Vosiq International School and Kindergarten хусусий таълим муассасаси маъмурияти томонидан касбий билимларни ўзлаштириш борасида ҳам назарий, ҳам амалий таълимнинг узвийлиги нечоғлик муҳим эканлиги ушбу танишув - амалиёт жараёнида ҳам яна бир бор ўз тасдиғини топганлигини таъкидланди, фаол амалиётчи талаба-ёшларнинг қарийб 100 нафарини махсус сертификатлар билан тақдирланди.