Тошкент тиббиёт академиясида ўтказилган халқаро олимпиада тиббиёт соҳасидаги билим ва кўникмаларни намойиш этиш учун муҳим платформага айланди
2024 йил 26 ноябр куни Тошкент тиббиёт академиясида ўтказилган халқаро олимпиада тиббиёт соҳасидаги билим ва кўникмаларни намойиш этиш учун муҳим платформага айланди. Ушбу тадбирда хорижий ва маҳаллий тиббиёт олийгоҳлари талабалари иштирок этиб, ўз тажрибаларини алмашдилар ва фанлар бўйича энг юқори натижаларга эришдилар.
Мазкур олимпиада 10 та секциядан иборат бўлиб, фундаментал фанлар, терапия, педиатрия, хирургия, шошилинч ёрдам, стоматология ва илмий лойиҳалар йўналишларини қамраб олди. Унда 30 га яқин жамоа ўз билимларини намойиш этиш учун беллашди.
Тошкент Кимё халқаро университети тиббиёт мактаби жамоаси ҳам тадбирда фаол иштирок этди. Улар ўзларининг университетда эгаллаган билимлари асосида юқори натижаларга эришиб, 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритишди. Шунингдек, турли номинацияларда ҳам ғолиб деб топилди. Жамоавий ҳисобда 30 га яқин жамоа орасида 3-ўринга эга чиқдилар.
Мазкур олимпиада ёшлар ўртасида фан ва таълим соҳасидаги ривожланиш учун муҳим майдон бўлиб, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади. Бундай тадбирлар талабаларга нафақат ўз билимларини намойиш этиш имкониятини беради, балки илмий ҳамкорликни кучайтиради ва профессионал даражада ўсишга замин яратади.