None

Туризм йўналиши талабалари учун янги имкониятлар очилди


Тошкент Кимё халқаро университети делегацияси Мадрид шаҳрида жойлашган Гастрономия ва туризм олий мактаби раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Ушбу мактаб Испаниянинг туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги етакчи олийгоҳларидан бири ҳисобланиб, дарс жараёнлари дуал тизимда, яъни назарий таълим ва амалий машғулотларни уйғунлаштирган ҳолда ўтказилади. Мактабнинг инфратузилмаси талабаларга замонавий ресторан ва меҳмонхоналарда малака ошириш имкониятини тақдим этади.

Учрашув давомида талабаларнинг ёзги амалиётини Олий мактаб қарамоғидаги ресторан ва меҳмонхоналарда, шунингдек, жаҳоннинг етакчи меҳмонхона ва ресторан тармоқларида ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Бу ҳамкорлик талабаларнинг касбий тайёргарлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Шунингдек, учрашувда икки томон туризм ва гастрономия соҳасида илмий тадқиқотларни биргаликда амалга ошириш, ўқув жараёнларида янги методологияларни жорий қилиш ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришдилар.

Ушбу ташаббус туризм йўналишидаги талабалар учун халқаро даражадаги малака ва тажрибани қўлга киритиш имкониятини яратади ҳамда университетнинг халқаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади.