
Япония компаниялари Тошкент Кимё халқаро университетида: икки томонлама ҳамкорлик сари яна бир муҳим қадам
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги мустаҳкам ва изчил ривожланаётган муносабатлар яна бир амалий натижага эришди. 2025 йил июнь ойида Тошкент Кимё халқаро университети (ТКХУ) муҳим меҳмонларни — Япониянинг етакчи компаниялари вакилларидан иборат нуфузли делегацияни қабул қилди.
Ташриф Япония Республикасининг малакали кадрлар захирасини яратиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва тажриба алмашишга бўлган юқори интилишини намоён этди.
Ташриф иштирокчилари таркиби:
- Жаноб Кеиичи Ёши — Daiwa House Industry Co., Ltd. бош директори ва раиси
- Жаноб Шинжи Таниока — Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё бизнес департаменти бош менежери
- Жунко Ишизаки хоним — Бош директорнинг махсус топшириғи бўйича ёрдамчиси
- Жаноб Ясуши Нишикава — Менежер ўринбосари, чет эл бизнес бўлими
- Муҳсин Ачилов — Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co., Ltd. директор ўринбосари
Меҳмонлар университетнинг асосчиси, профессор Алишер Ваҳобов билан учрашиб, таълим, бошқарув, инновация ва кадрлар тайёрлаш борасидаги истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашувнинг асосий йўналишлари:
- Япония компаниялари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш;
- ТКХУ битирувчилари учун Японияда амалиёт ва иш имкониятларини яратиш;
- Илмий тадқиқот ва амалий лойиҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйиш.
Делегация университет қошидаги Kimyo University Hospital клиникаси, замонавий лабораториялар ва ўқув аудиториялари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Меҳмонларда ТКХУдаги таълим муҳити, моддий-техник база ва инновацион ёндашувлар катта таассурот қолдирди.
Ташриф якунида томонлар ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Бундай мулоқотлар Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона ва стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Маълумот ўрнида: Daiwa House Industry Co., Ltd. — Япониянинг энг йирик уй қурилиши, кўчмас мулк ривожлантириш ва логистика инфратузилмаси соҳаларида фаолият юритувчи корпорация ҳисобланади. 1955 йилда Нобуо Ишибаши томонидан асос солинган бу компания, қурилиш соҳасини индустриаллаштириш ғояси билан танилган.
Daiwa House 1961 йилда Сингапурда ўзининг илк халқаро лойиҳасини амалга оширган. Бугунги кунда компания АҚШ, Хитой, Австралия, Бразилия, Таиланд, Вьетнам ва бошқа мамлакатларда фаолият юритиб, 20 дан ортиқ мамлакатда қурилиш ва кўчмас мулк лойиҳаларини амалга оширмоқда.