None

Япониянинг машҳур шифокори ва саломатлик бўйича инновацион ёндашув муаллифи Тсучия Наоки университетимизда илмий-амалий ташриф билан бўлиб турибди


Япониянинг машҳур шифокори ва саломатлик бўйича инновацион ёндашув муаллифи Тсучия Наоки университетимизда илмий-амалий ташриф билан бўлиб турибди. 
Унинг методи дори-дармонсиз, сунъий аралашувларсиз амалга оширилади ва инсон танасининг ўз-ўзини тиклаш қобилиятини фаоллаштиради. Терапия орқали лимфа ва қон айланиши яхшиланади, ҳужайралар фаолияти тикланади, умумий ҳаёт сифати юқори босқичга кўтарилади.
Тадбирда профессор Тсучия талабалар билан мулоқот қилиб, муолажанинг физиологик асослари, натижалари ва инсон психикасига ижобий таъсирлари ҳақида фикр билдирди. У талабаларга кундалик ҳаётда қўллаш мумкин бўлган саломатлик масалаларида маслаҳатлар берди, реал ҳаётдан мисоллар келтирди ва ёш мутахассислар саволларига батафсил жавоб қайтарди.
Ташриф давомида профессор Тошкент Кимё халқаро университети билан келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, Тиббиёт мактаби талабалари учун Японияда стажировка ва амалиёт дастурларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бу эса талабаларнинг халқаро тажриба тўплаши, инновацион - терапевтик услубни чуқур ўзлаштиришига имкон яратади.