“Архитектура ва шаҳарсозлик”...
110 йиллик тарихга эга Истанбулнинг Йилдиз техника университетида Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг бир гуруҳ талабалари таҳсил оладилар.
“Архитектура ва шаҳарсозлик” йўналишининг саккиз нафар битирувчилари бакалавр дастурининг тўртинчи босқичини Туркиянинг Йилдиз техника университетида ўқиб қайтишади. Хабарингиз бор, ўтган ўқув йили давомида институт кўпгина катта компания ва ташкилотлар билан ҳамкорлик келишувлари имзолади. Шулар қаторига Discovery Invest ва MIMAR Group компаниялари ҳам киради. Компания эълон қилган танловда архитектура йўналиши бўйича пойтахтимизда мавжуд олийгоҳларнинг 1925 га яқин талабалари иштирок этди. Қарийб бир йил давом этган бир нечта саралаш босқичларидан сўнг энг юқори натижаларга эришганлар сарасига Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти талабалари кирдилар. Улар нафақат хорижда ўқиш, балки Туркиянинг меъморчилик соҳасидаги энг нуфузли компанияларидан бири - Sigma да амалиёт ўташ имконини ҳам қўлга киритишди. Институтни битиргандан сўнг улар Discovery Invest ва MIMAR Group компанияларига ишга қабул қилинадилар.
Куни кеча ташкилий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида институт ректори, Discovery Invest, MIMAR Group компанияларининг мутасаддилари ҳамда лойиҳа менежери бошчилигида ота-оналар мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Йилдиз техника университетида ташкил этилган шарт-шароитлар ва талабаларга қўйилган талаблар билан таништирилди. Ота-оналарнинг саволларига жавоб берилди.
Яратилган имкониятлар учун ягона талаб - лойиҳа қалдирғочлари бўлган талабаларимиз ўзларининг бор ғайрати, билими, қимматли вақти ва маҳоратини таълим олишга, амалиёт ўташга сарфлаши лозим. Зеро, келажакда уларга ҳавас қилиб, ортларидан эргашадиган талабаларга ўзларининг илм олишга интилишлари, гўзал хулқлари, янги зафарлари ила намуна бўлишлари шарт.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида барча сарф-харажатлар институт ва компания томонидан қопланади.