None

Ёджу техника институти вакиллари “Huawei Tech Investment Tashkent” компаниясига ташриф буюрди


Ёджу техника институти вакиллари Хитойнинг “Huawei Tech Investment Tashkent” компаниясига ташриф буюрди.

Ёджу техника институти Ректори профессор Ж.Кудайбергенов ва “Huawei Tech Investment Tashkent” компаниясининг давлат ва жамоат билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Директори Д. Азизов билан учрашди.

Huawei идорасига ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистонда рақамли трансформацияда қўлланилиши мумкин бўлган янги технологиялар билан танишиш ва тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Huawei кўргазмали маркази бўйлаб тур ташкил қилиниб, он-лайн дарс ўтишнинг инновацион платформаси ва дата-центр бўйича маълумот берилди.

Шунингдек, Ёджу техника институти базасида мавжуд имкониятлар доирасида ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ИТ соҳасига оид малакали кадрлар танқислиги ва талабаларнинг ўқиш жараёнида назарий ва амалий билим кўникмаларини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз: “Huawei Technologies” компанияси телекоммуникация технологиялари соҳасида дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан биридир. Бугунги кунда компания 170 дан ортиқ мамлакатда ўз филиалларига эга ҳамда АҚШнинг телекоммуникация бозоридаги энг йирик ишлаб чиқарувчилари “HewlettPackard” (HP), “IBM”, “Cisco” компаниялари билан рақобатлашади. Компания тизимида 180 мингдан ортиқ ходим, жумладан, Хитой, АҚШ, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Швеция, Россия каби давлатлардаги 20 та илмий-тадқиқот марказида 80 мингга яқин мутахассис меҳнат қилади.

Инновацион ахборот маҳсулотлари ва ечимлари, маълумот узатиш тизимлари, оптик қурилмалар, роутерлар, тармоқ ускуналари, смартфонлар, планшетлар, компьютерлар, маиший электр жиҳозлари ишлаб чиқариш компания фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.