
Ёшларни халқаро меҳнат бозорига тайёрлаш йўлида: Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Тошкент Кимё халқаро университетида
Бугун Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Такаши Ҳатори Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди. Ташриф доирасида элчи университет фаолияти, тиббиёт кластери ва ўқув-лаборатория муҳитлари билан яқиндан танишди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, уларни хорижда рақобатбардош ва малакали мутахассис сифатида тайёрлаш масалалари билан узвий боғлиқдир.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Япония ўртасида меҳнат бозорида ҳамкорлик кучайиб бораётган бир пайтда, фуқароларни Японияга ишга йўналтириш бўйича янги келишувлар имзолангани катта аҳамият касб этади. Ушбу жараёнда номзодлардан замонавий билим, касбий тайёргарлик ва, албатта, япон тилини пухта эгаллаш талаб этилади.
Шу муносабат билан Тошкент Кимё халқаро университети раҳбарияти томонидан таълим кластери доирасида фаолият юритаётган Vosiq Internatioanl School and Kindergarten ҳам болаларни ёшлигидан япон тилига ўргатишни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Бу келажакда ўзбек ёшлари Японияда нафақат иш топиши, балки халқаро компанияларда фаолият юритувчи етук кадрлар сифатида тан олиниши учун замин яратади.
Бугунги ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек ёш авлоднинг халқаро меҳнат бозорига тайёрланишида таълим муассасаларининг ўрни муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади.