Ўзбек - япон таълим ҳамкорлиги: Тошкент Кимё халқаро университети Японияда илмий ютуқларни ўрганмоқда
Япония таълим тизими бутун дунёда юқори даражадаги сифат ва интизом билан танилган. Ушбу илғор тажрибадан ўрнак олиш ва университет таълим сифатини янада ошириш мақсадида Тошкент Кимё халқаро университети делегацияси Японияга ташриф буюрди. Ташриф давомида Тошкент Кимё халқаро университети таъсисчиси проф. Алишер Ваҳобов ва “NSG Group” Президенти Шого Икеда билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва таълим соҳасида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув давомида NSG Group таркибига кирувчи нуфузли университетлар, жумладан, Niigata University of Health and Welfare (https://www.nuhw.ac.jp/), Niigata Agro-Food University(https://nafu.ac.jp/), KAISHI Professional University (https://kaishi-pu.ac.jp/) ва Graduate University for Entrepreneurial Studies (https://www.jigyo.ac.jp/) билан яқиндан танишиш имкони бўлди. Делегация аъзолари ушбу таълим муассасалари билан илмий ва академик алоқаларни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олдилар.
Жумладан, бакалавриат дастурларида 2+2 ва 1+3, магистратура мутахассисликларида эса 1+1 форматида таълим дастурларини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ушбу дастурлар талабаларга нафақат ўз малакаларини ошириш, балки Япония таълим тизимининг илғор тажрибаси билан яқиндан танишиш имконини яратади. Натижада, талабалар ўз соҳалари бўйича чуқур билимга эга бўлиб, халқаро тажриба ва билимларни амалиётда қўллай олишади.
Шунингдек, келгусида Японияда малака ошириш ва қайта тайёрлаш дастурлари орқали профессор-ўқитувчиларни профессионал ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
“NSG Group” корпорацияси тиббий ва ижтимоий соҳаларда фаолият кўрсатиб, юқори технологияли даволаш усуллари ва ижтимоий хизматларни жорий этмоқда. Тошкент Кимё халқаро университети ва “NSG Group” ўртасидаги ҳамкорлик, нафақат таълим жараёнларини ривожлантириш, балки тиббиёт ва ижтимоий соҳаларда ҳам янги ёндашувларни татбиқ этиш имконини беради.
Ташриф давомида делегация аъзолари “NSG Group”нинг ишлаб чиқариш корхоналари ва клиникалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Улар университетларнинг моддий-техник базасини кўздан кечириш билан бирга, талабаларнинг илмий ихтиролари ва инновацион ишланмаларини ўргандилар. Бу эса Япониядаги илғор технологиялар ва инновацион ёндашувларни тадқиқ этиш имкониятини берди.
Делегация аъзоларининг фикрича, Японияда талабалар томонидан амалга оширилаётган илмий ишланмалар юқори даражадаги инновацион ёндашув ва техникавий имкониятлари билан ажралиб туради. Ушбу тажриба Ўзбекистонда ҳам ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илмий изланишларини ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.
Ташриф доирасидаги ҳамкорлик алоқалари ва белгиланган режаларнинг амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу нафақат Тошкент Кимё халқаро университети учун, балки мамлакатимиз таълим тизими учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Маълумот ўрнида: NEW Sustainable Growth (NSG) Group, Япония таълим ва саноат соҳасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаган йирик корпорация ҳисобланади. “NSG Group”нинг йиллик молиявий айланмаси 200 миллиард япон иенасига яқин бўлиб, 10 000 дан ортиқ ходимни иш билан таъминлайди. Компания 4 та университет, 2 та ўрта мактаб, 32 та касб-ҳунар коллежлари (НСГ коллежи лигаси ва ФСГ коллежи лигаси) ва бошқа кўплаб таълим муассасаларини бошқаради.
Сўнгги йилларда компания ўз фаолият доирасини қишлоқ хўжалиги, қурилиш, озиқ-овқат ва ичимликлар саноатига кенгайтириб, Ниигата шаҳрида узоқ йиллик тажрибага эга компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириб келмоқда. Шунингдек, “NSG Group” Japan-League футбол жамоаси, Albirex Niigata ва
B-League баскетбол жамоаси ҳамда Ниигата Albirex BB ҳомийси сифатида спорт ва жамоатчилик соҳасида ҳам фаол иштирок этади.