None

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 84 йиллигига бағишлаб тантанали маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди


2025 йил 21 март куни Тошкент Кимё халқаро университетида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 84 йиллигига бағишлаб тантанали маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир нафақат буюк ижодкор хотирасига ҳурмат ифодаси, балки ёш авлод қалбида адабиётга меҳр, ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотишга қаратилган муҳим маданий воқеа бўлди.

Тадбир давомида талабалар улуғ шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар билан танишдилар, шунингдек, Абдулла Орипов қаламига мансуб фалсафий ва ватанпарварлик руҳидаги шеърлардан парчаларни таъсирли тарзда ўқиб эшиттирдилар.

Тадбирнинг энг таъсирли қисмларидан бири – “Талабалар театр студияси” аъзолари томонидан саҳналаштирилган икки муҳим саҳна кўриниши бўлди. Илк саҳна асари – Ўзбекистон давлат мадҳиясининг яратилишига бағишланган драматик кўриниш бўлиб, у шоирнинг тарихий бурчни адо этишдаги масъулияти ва қалб изтиробини ўзида мужассам этди. Иккинчи саҳна кўриниши эса “Самовий меҳмон, беш донишманд ва фаррош кампир” қиссаси асосида тайёрланиб, талабалар томонидан маҳорат билан намоён этилди.

Тадбирнинг шарафли меҳмонлари – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий мерос ишлари бўйича мутахассиси Рухсора Орипова ва “Ёшлик” журнали масъул муҳаррири Роҳилабону Гуччиева университет талабалари билан самимий мулоқотда бўлиб, шоирнинг ҳаётидаги кам маълум бўлган воқеалар, оилавий хотиралар ва адабий мероси ҳақида самимий сўз юритдилар.

Бу каби тадбирлар талабаларнинг маънавий камолоти, адабиётга муҳаббати ва тарихий шахсларга бўлган ҳурматини юксалтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Абдулла Орипов номини ардоқлаш ва унинг эзгу фаолиятини ёшларга етказиш – эл учун хизмат қилишнинг узвий давомидир.