
Жанубий Кореяга амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида Тошкент Кимё халқаро университетининг таъсисчиси, профессор Алишер Вахобов HanSeo университети президенти Ки Сун Ҳам билан учрашув ўтказди
Жанубий Кореяга амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида Тошкент Кимё халқаро университетининг таъсисчиси, профессор Алишер Вахобов HanSeo университети президенти Ки Сун Ҳам билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида икки томонлама академик ва илмий ҳамкорлик йўналишлари, хусусан, авиация, дрон технологиялари, олий ҳамширалик ва график дизайн соҳаларида истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
HanSeo университети — Жанубий Кореяда авиация соҳаси бўйича етакчи университетлардан бири ҳисобланиб, бу ерда замонавий учувчилар, авиация муҳандислари ва дронлар ишлаб чиқариш бўйича мутахассислар тайёрланади. Университетнинг техник базаси ва илмий салоҳияти Тошкент Кимё халқаро университети билан ҳамкорликда амалиёт, стажировка ва қўшма таълим дастурларини ташкил этишга катта имконият яратади.
Шунингдек, график дизайн йўналиши ҳам эътибор марказида бўлди. HanSeo университети бу борада халқаро танловлардаги ғалабалари, инновацион ёндашувлари ва талабаларининг маиший техника, автомобилсозлик, реклама маҳсулотлари учун яратган дизайн ечимлари билан танилган.
Учрашувда, шунингдек, олий ҳамширалик йўналиши бўйича ҳам ўзаро академик алоқаларни мустаҳкамлаш, мутахассислар алмашинуви ва тажриба тўплаш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича Тошкент Кимё халқаро университети ва HanSeo университети ўртасида расмий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.