
Жорий йилнинг 11 апрел куни Тошкент Кимё халқаро университетида «Катта Заковат» бўлиб ўтди
Университетнинг “Тарих” кафедраси “Маънавият” бўлими ҳамда “Заковат” телеўйинлари иштирокчилари билан ҳамкорликда заковат турнирини ташкил этди.
Мазкур турнирнинг «Катта Заковат» дейилганига сабаб шуки, унда талабалар алоҳида, университет ходимлари алоҳида-алоҳида баҳслашдилар. Апрел ойининг биринчи ўн кунлигида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 689 йиллигига бағишланган тадбирлар фонида бу турнирнинг мавзуси “Амир Темур тарихи“ бўлди.
Амир Темур тарихи мавзуси доирасида 26 саволдан иборат бўлган мазкур турнирда университетнинг турли йўналишидан юзга яқин талабалардан иборат 14 та жамоа ҳамда декан, кафедра мудирлари, бўлим мудирлари ва профессор-ўқитувчиларни бирлаштирган 9 та жамоа куч синашди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Алоҳида намунали-кўргазмали оркестри ҳамда подполковник Муқимжон Маҳмудов, Ички ишлар вазирлиги ходими, капитан, “X-Faktor” лойиҳаси 2-мавсум финалчиси Дилшодбек Жалоловларнинг ташрифи тадбирга янада жўшқинлик бағишлади.
Университет ходимлари ўртасидаги баҳсда бўлим мудирларидан иборат “Темурийлар“ жамоаси 1, Тиббиёт йўналишидаги кафедра мудирларидан иборат “Тиббиёт“ жамоаси 2, Муҳандислик ва аниқ фанлар йўналишидаги кафедра мудирларидан иборат “Муҳандис“ жамоаси 3-ўринни эгаллашди.
Талабалар ўртасидаги баҳсларда университетнинг турли йўналишларидаги талабаларидан таркиб топган “Терма“ жамоаси 1, Тарих йўналиши сиртқи таълим талабаларидан иборат “Ренессанс“ ва “Шарқ султони“ жамоалари 2 ва 3-ўринларни қўлга киритдилар. Шунингдек, юқори балл тўплаган яна тўрт жамоа ҳам турли номинацияларга лойиқ топилди.
Тадбир якунида ғолиблар Амир Темур ва темурийлар тарихига оид қимматли манбалар, жумладан 11 номдаги 200 га яқин китоблар жамланмаси ҳамда бошқа турдаги совғалар билан тақдирландилар.