“Зўравонликсиз дунё: санъат орқали қараш“
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист ва ёзувчи Шухрат Жабборов ҳамда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, ёзувчи Баходир Каримов Тошкент Кимё халқаро университетида ўтказилган “Зўравонликсиз дунё: санъат орқали қараш“ мавзусидаги ижодий кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Бу тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида ташкил этилди. Ижодкорлар талабаларнинг ижодий ишлари билан танишиб, жюри сифатида уларнинг ижодий ёндашувларини юқори баҳоладилар.
Шунингдек, Талабалар театр студияси томонидан саҳналаштирилган асарлардан парчалар намойиши ўтказилди. Тадбирда иштирок этган ёзувчилар ўз ижод намуналарини тақдим этиш билан бирга, талабаларни ижодий илҳомлантирдилар.
Тадбир якунида барча йўналишлардаги 1-босқич талабалари ўртасида ўтказилган ёзма саводхонлик танлови ғолиблари тақдирланди. Уларга сертификатлар топширилди.
Бу каби тадбирлар талабаларнинг ижодий ривожланиши ва уларда маънавий қадриятларни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон ёшларининг ижодий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшади.