Зулфияхоним
Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида «Миллат аёлининг ёрқин тимсоли Зулфияхоним сиймосида» мавзусида маънавий-маърифий, адабий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзининг баҳор каби нафис ва такрорланмас шеърлари билан инсонлар қалбини забт эта олган ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфияхоним 1915 йил, 1 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. «Далада бир кун», «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар», «Лолақизғалдоқ», «Қуёшли қалам» тўпламлари ўзбек китобхонлари қалбидан ўрин эгаллаган. Тадбирга меҳмон сифатида халқ ардоғидаги шоира Марҳабо Каримова ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Парвоз» адабий тўгарак раҳбари, шоира Наргиза Асадова таклиф этилди. Улар Зулфияхонимнинг ижоди, ҳаёт йўли ва гўзал устозлик хулқларини хотирлашди. Зулфияхонимни шоир Хамид Олимжонга бўлган чексиз муҳаббатлари мақтовга лойиқ эканлиги, ҳозирги ёшларга ўрнак бўлиши таъкидланди. Шоиралар ўз ижодий ишларидан намуналар ҳам ўқиб беришди.
Таклиф этилган томошабин ва меҳмонлар учун институтнинг «Таълим» йўналиши талабалари томонидан Зулфияхоним ижодидан шеърлар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Марҳабо Каримова фаол талабаларга дастхат қўйилган китобларидан совға қилдилар.
Шоиранинг ҳаёт ва ижод йўли авлодлар қалбида чинакам матонат ва ватанпарварлик, садоқат тимсоли бўлиб қолаверади.