Иқтидорли талабаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида, AKFA Group ва Ёджу техника институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Имзоланган ҳужжат, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, инновацион таълим фаолиятини ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, ҳозирда ҳар икки томон учун ҳам долзарб масалалардан бири бўлган илмий-тадқиқот, тажриба-амалиёт ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Таълим даргоҳи ва компания ҳамкорликда илмий конференциялар, кўргазмалар, семинар-тренинг ва презентациялар ташкил қилишга келишилди.
Меморандумда компания фаолиятининг тегишли йўналишлари бўйича талабаларни тайёрлаш, тажриба оширишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Дастур асосида Ёджу техника институти талабалари йил давомида AKFA Group компаниясининг таркибий бўлинмаларига амалиётга юбориш ва таълим жараёнинг ўзидаёқ иш ўрганиш имкониятлари ҳужжат асосида белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, таълим муассасасида иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва илмий салоҳиятини юксалтириш мақсадида махсус AKFA лаборатория синфлари ташкил қилинади. Муваффақиятли амалиёт якунига кўра талабаларни келажакда AKFA Group компаниясига ишга олиш чора-тадбирлар лойиҳаси белгилаб олинди.
Ташриф якунида, делегация аъзоларига Тошкент шаҳридаги Ёджу институти лаборатория ва ўқув хоналари бўйлаб экскурция ташкил қилинди.