КИМЁ ХАЛҚАРО УНИВЕРСИТЕТИ ВА АҚШНИНГ PITTSBURG STATE UNIVERSITY ЎРТАСИДА АМАЛИЙ ТАЪЛИМ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Тошкент Кимё халқаро университети таъсисчиси, профессор Алишер Ваҳобов бошчилигидаги делегация АҚШнинг Канзас штатида жойлашган Pittsburg State University университетининг Crossland College of Technology — Технологиялар коллежига ташриф буюрди.
Pittsburg State University амалий таълим, муҳандислик технологиялари ва саноат билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш борасида катта тажрибага эга. Университетнинг бир қатор технологик таълим дастурлари халқаро ABET аккредитациясига эга бўлиб, унинг полимерлар ва пластмасса муҳандислиги соҳасидаги илмий салоҳияти АҚШ рейтингларида ҳам эътироф этилган.
Ташриф давомида делегация Dr. Andrew Klenke ва Dr. Byron McKay ҳамроҳлигида замонавий лабораториялар, шунингдек, университет илмий ишланмаларини бизнесга айлантиришга хизмат қилувчи spin-off корхоналари фаолияти билан танишди.
Музокаралар натижасида АҚШ профессорларини KIUTга таклиф этиш, университет ўқитувчиларининг АҚШда қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкил қилиш, қўшма маърузалар ва маҳорат дарсларини ўтказиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Шунингдек, KIUT талабалари учун АҚШ компанияларида амалиёт ўташ имкониятларини ўрганиш, корхоналар билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, дуал таълим ва Work-Based Learning — иш жараёнида ўқитиш тажрибасини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.