Мактабгача ва бошланғич таълим
2021 йилнинг 30 октябрь куни «Мактабгача ва бошланғич таълим» йўналиши талабалари ўртасида 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан бадиий - маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирни институт ректори Жанполат Кудайбергенов кириш сўзи билан очиб берар экан, давлат тилининг инсон тақдиридаги ўрни ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб, бирор хорижий тилни ўрганиш учун, энг аввало, ўз она тилини билмоқликнинг нечоғлик зарур эканлигига урғу бериб ўтди.
Тадбир давомида йўналиш талабаларининг ижодий чиқишлари, ҳамда байрамона куй-қўшиқлар, рақслар, шеърий саҳналар ва ўзбек адабиётининг нодир намуналаридан ижро этилган парчалар кечага янада мазмун ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Бадиий - маърифий кечага ташриф буюрган «Шуҳрат» медали соҳибаси, Ўзбекистон Республикаси «Халқ маорифи аълочиси» Машрабхон Умарова ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси телебошловчиси, журналист Нозима Воҳидовалар саҳна кўринишларини моҳирона талқин этган иштирокчи - талабаларнинг маҳоратини олқишлаб, уларнинг келажакдаги фаолиятларига юксак парвозлар тилашди. Тадбир сўнгида меҳмонларга институт ректорининг эсдалик совғалари тақдим этилди.