None

Тошкент Кимё халқаро университетида тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди


Тошкент Кимё халқаро университети (ТКХУ) бу йил учинчи бор битирувчиларни катта ҳаётга кузатмоқда. Бу йилги битирув маросимида Наманган ва Самарқанд шаҳарларидаги филиаллардан ҳам талабалар иштирок этдилар, шу жумладан, Самарқанд филиалидан илк магистр ва бакалавр йўналишининг битирувчилари ташриф буюришди.

Университетнинг илк талабалари 2018/2019 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган эди ва бугунги кунда фахр билан айта оламизки, кўплаб иқтидорли талабалар университет ва давлат томонидан таъсис қилинган грантларга эга бўлдилар. Талабалар Жанубий Корея, Болгария, Латвия каби давлатлардаги ҳамкор университетларнинг қўшма дастурларида таълим олиб қайтишди, Италия ҳамда Хитойда малака оширишди. Бу йил Тошкент Кимё халқаро университетида 250 нафар талаба имтиёзли диплом, 1320 нафар талаба эса кўк диплом билан бакалавр дастурини муваффақиятли якунлади. Бундан ташқари, 88 нафар талаба магистратура йўналишини муваффақиятли тамомладилар.

ТКХУ доимий равишда таълим сифатини ошириш, замонавий ўқитиш усулларини жорий этиш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга интилмоқда. Эндиликда университет нафақат бакалавр, балки магистратура, мустақил тадқиқот ва докторантура каби таълим йўналишларни ҳам кенгайтирмоқда.

ТКХУ талабалари қўшма дастурлар асосида бир қатор давлатларда муваффақиятли ўқишди ва ўз соҳаларида юқори натижаларга эришишди. Бу уларнинг келажакда ўз йўналишлари бўйича етук мутахассислар бўлиб етишишларига асос яратди.

Қувонарлиси шундаки, ТКХУнинг кўплаб битирувчилари олийгоҳни тугатиши биланоқ 78% иш билан таъминланишди. Улар миллий ва халқаро компанияларда, шунингдек, давлат муассасаларида муваффақиятли фаолият олиб бормоқдалар. Бу эса ТКХУнинг таълим сифатининг юқори эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Университет раҳбарияти битирувчиларнинг муваффақиятларида ота-оналарнинг ҳам улкан ҳиссаси борлигини таъкидлаб, уларга чексиз миннатдорчилик билдиради. Университет профессор-ўқитувчилари ва барча жамоаси ўз битирувчилари билан фахрланади ҳамда уларнинг келгуси фаолиятларида муваффақият ва омад тилаб қолади!

 

  • Манзил: Тошкент Кимё халқаро университети, Тошкент, Ўзбекистон.
  • Телефон: +998 (71) 129-40-40 (1)
  • Электрон почта: info@kiut.uz
  • Веб-сайт: www.kiut.uz