«Трастбанк» хусусий акциядорлик банки ҳамда Тошкeнт шаҳридаги Ёджу тeхника
«Трастбанк» хусусий акциядорлик банки ҳамда Тошкeнт шаҳридаги Ёджу тeхника институти ўртасида ҳамкорлик мeморандуми имзоланди. Учрашув давомида томонлар кадрлар тайёрлаш соҳасида бир қатор долзарб масалаларни муҳокама қилдилар ва ўзаро манфаатли келишувларга эришдилар. Жумладан, ҳар ўқув йили бошида институт Бизнес мактабининг «Банк иши», «Молия», «Бухгалтерия», «Бизнесни бошқариш», «Халқаро маркетинг», «Халқаро иқтисодий муносабатлар» ва бошқа йўналишларида таълим олувчи юқори босқич талабалари таркибидан фанларни ўзлаштириш умумий рейтинги баланд бўлган, иқтидорли, интилувчан номзодларга тўловли амалиёт ўташ имконияти берилади. Банк ва унинг таркибий тузилмаларида ташкил этиладиган малакавий амалиётда стажёрлар банкнинг барча хизмат турлари билан яқиндан танишиб борадилар. Шунингдек, танлаб олинган талабалар банк тасдиқлаган ўқув режа асосида институтда ташкил қилиниши режалаштирилган «Трастбанк» аудиториясида назарий ва амалий машғулотлар ўтайдилар. «Трастбанк» аудиториясида ўтказилган машғулотлар case study кўрнишида, мунозара, баҳс ва интерактив ўйинлар шаклида ташкил қилинади. Шу ўринда, «Трастбанк» ходимлари институтнинг бакалавр ва магистрлик дастурларида ўқиш имконига эга бўладилар.