"Socio-economic development of regions: international experience, problems and solutions"

“Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш: халқаро тажрибалар, муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман


2023 йил 25-26 май кунлари Тошкент Кимё халқаро университетининг Наманган филиалида “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш: халқаро тажрибалар, муаммо ва ечимлар” мавзусида муҳим халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 
Иштирокчиларни қутлаб ва анжуманни очиб берар экан, Тошкент Кимё халқаро университети асосчиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор  Вахобов Алишер Восикович илмий ҳамжамиятни жамлаш ва турли мамлакатларда замонавий жамиятни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича очиқ профессионал баҳс-мунозараларнинг муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасидаги мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари қанчалик аҳамиятли эканини тасдиқлайди. 
Анжуман иқтисодиётни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир масалалар юзасидан илмий муаммолар ва уларнинг ечимларини аниқлаш мақсадида ташкил этилди. 
Анжуман ишида Университетнинг халқаро ҳамкорлари, жумладан, АҚШдан Рузвельт ва Индиана университетлари, АҚШ элчихонаси Америка кенгаши, Сулаймония – Ироқ Америка университети, Тошкент Кимё халқаро университетининг Корейс тили маркази, Жанубий Кореянинг Сунчонь, Ханьянг, Гачон, Ханкёнг университетлари, Багамадаги Халқаро банклар ва траст компаниялар Ассоциацияси, Туркиянинг Нежмиддин Эрбакан ва Бингёл университетлари, Малайзиянинг Мара технологик университети, Болгариянинг Варна Менежмент университети, шунингдек, Наманган вилояти ва Наманган шаҳри ҳокимликлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, бошқа халқаро ва маҳаллий олий ўқув юртлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ташкилотлари ва Ўзбекистондаги хорижий мамлакатлар дипломатик миссиялари вакиллари фаол иштирок этдилар. 
Анжуман иши қуйидаги мавзуларда олиб борилди: 
1. Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишини бошқариш муаммолари.
2. Инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари. 
3. Минтақа иқтисодиёти рақобатбардошлиги ва инвестиция фаоллигини ошириш йўналишлари.  
4. Ҳудудларнинг молиявий мустақиллигига эришиш ва банк-молия соҳасини ривожлантириш. 
5. Ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришнинг замонавий механизмларини такомиллаштириш.
6. Минтақалардаги экологик вазият ва “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўналишлари.
Иштирокчиларнинг маърузалари долзарб масалалар, муҳокамалар ва қўшимча тақдимотлар билан бирга бўлиб, фаол фикр, тажриба ва тадқиқот натижалари алмашинувига хизмат қилади. 
Анжуманнинг муҳим натижаси ўзига хос ғоялар ва инновацион бошқарувнинг назарий ва услубий-амалий самарадорлигини аниқлаш бўлди. Тошкент Кимё халқаро университети билан хорижий университетлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан истиқболли таклифлар ишлаб чиқилди. Анжуман иштирокчилари бу каби ихтисослаштирилган илмий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлигини таъкидладилар.  
Конференциянинг асосий хулосалари ва натижалари якуний резолюцияда шакллантирилиб, иштирокчилар томонидан маъқулланди. Бундан ташқари, конференция иштирокчиларининг илмий мақолалари тўпламини нашр этиш, шунингдек, энг яхши нашрларни умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари нашрларида чиқариш тўғрисида қарор қилинди.