None

Даэгу Университети


Кўп асрлик алоқалар, ишончли биродарлик ва стратегик шериклик Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг мустаҳкам асосини ташкил этади. Таълим соҳасидаги икки мамлакат ўртасидаги ришталар бугун юқори даражада ривожланиб бормоқда.

Бунинг яққол исботи сифатида, жорий йилнинг 25 ноябрь куни, Тошкент Кимё халқаро университетининг таъсисчиси проф. Алишер Ваҳобов Даэгу университети президенти доктор Сун - жин Паркнинг таклифига биноан амалий ташриф билан мазкур университетга борди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Тошкент Кимё халқаро университети (ТКХУ) ҳамда Даэгу Университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган ва ҳозирга қадар 120 га яқин талабалар 1+3, 2+2 каби қўшма дастурлар асосида таълим олишмоқда.

Қайд этилганидек, университетлар ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида янги дастурлар кўламини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, «Муҳандислик», «Ахборот технологиялари» ва «Олий ҳамширалик иши» йўналишларида ҳам қўшма дастурларни йўлга қўйиш бўйича иш режаси тузилди.

Музокаралар чоғида икки университет ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг илмий аҳамияти ҳақида алоҳида урғу берилди. Қўшма дастурлар билан бир қаторда, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш дастурларини жорий қилиш, илмий-техникавий ва интеллектуал ҳамкорликни йўлга қўйиш асосий мақсадлардан бири сифатида қайд этилди. ТКХУ учун кадрлар тайёрлашда Корея миллий тажрибасининг ўзига хос ютуқларини ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш муҳимлиги эътироф этилди.

Очиқ руҳда ўтган музокара жараёнида яқин истиқболдаги режалар ва белгиланган чора-тадбирларнинг амалий натижаси ҳақида фикр алмашилди.

ТКХУнинг таъсисчиси, проф. Алишер Ваҳобовнинг Жанубий Кореяга расмий ташрифи давом этмоқда.