None

ISO 9001:2015 сифат менежменти тизимининг мувофиқлик сертификати тақдим этилиши юзасидан


Бугун, 16 апрель куни Тошкент Кимё халқаро университетида олий таълим муассасасига ISO 9001:2015 сифат менежменти тизимининг мувофиқлик сертификатини тантанали топшириш бўйича тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари ҳамда ISO 9001 сифат менежменти тизими стандарти бўйича сертификатлаштириш органи ходимлари иштирок этдилар.

Тошкент Кимё халқаро университетида аккредитация бўйича Бирлашган қиролликдаги ягона миллий орган ҳисобланган UKAS Бирлашган қироллик аккредитация хизмати томонидан аккредитацияланган, дунёнинг 30дан ортиқ мамлакатларида ўз идораларига эга бўлган URS Certification – мустақил сертификатлаштириш органининг Ўзбекистондаги расмий ҳамкори “Russkiy Registr-Srednaya Azia” ОАЖ сертификатлаштириш органи мутахассислари томонидан ташқи аудит ўтказилди. UKAS ва URS сертификатлари мувофиқликни баҳолаш, хусусан, сертификатлаш, синов, инспекция, калибровка ва верификация каби хизматларни тақдим этувчи ташкилотларнинг миллий ва халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш учун тан олинган сертификатлардир. Аудит натижаларига кўра, Тошкент Кимё халқаро университети ОАЖ ISO 9001:2015 сифат менежменти тизими халқаро стандарти талабларига жавоб бериши тасдиқланди. Маълумки, ISO 9001 сифат менежменти тизими дунё миқёсида қабул қилинган халқаро стандарт бўлиб, у нафақат мижозларнинг талаб-эҳтиёжларини қондиришга, балки ташкилот олдида турган стратегик бизнес-вазифаларни ҳал қилишга ҳам йўналтирилган. Сертификатлаштириш жараёнида хизмат кўрсатиш соҳасидаги рисклар ва имкониятларни баҳолаш, бошқарув жараёнидаги хато-камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш имкони яратилади.

Тошкент Кимё халқаро университети дастлаб Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти номи билан республикада биринчи нодавлат олий таълим муасасаси сифатида ўз фаолиятини бошлаган ва 2020 йилда республикадаги нодавлат олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб ISO 9001:2015 халқаро стандарти сертификатини қўлга киритган. Бугунги кунда ушбу муассаса университет мақомига эга бўлиб, 37 та бакалавриат йўналишлари ва 22 та магистратура мутахассисликлари бўйича таълим бериб келмоқда. Бугунги тадбирда ташқи аудиторлар томонидан халқаро ва миллий сертификатларнинг тақдим этилиши ушбу муассасада бошқарув тизими ва таълим сифати халқаро стандарт талабларига жавоб беришидан далолат беради.

Бугунги глобаллашув даврида таълим соҳасидаги рақобатнинг тобора кучайиб бориши шароитида олий таълим муассасаларининг юқори сифат ва иқтисодий самарадорликка эришуви уларнинг сифатни яхшилаш бўйича комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш қобилиятига боғлиқ. Шундай экан, университетда сифат менежменти тизимининг юқори савияда йўлга қўйилиши ўқув жараёнларини оптималлаштириш, ташкилот фаолиятини тартибга солиш ва тўғри бошқариш, молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, кўрсатилаётган хизматлар таннархини камайтириш эвазига бизнес фойдадорлигини ошириш имконини беради. UKAS томонидан аккредитациядан ўтган ҳисоботлар ва сертификатлар бошқа имзоловчилар томонидан техник жиҳатдан эквивалент сифатида қабул қилинади.

ISO 9001:2015 сертификатининг мавжудлиги университет учун қуйидаги афзалликларни беради:

- Университет имижи ва рейтинги ошади, рақобат бозоридаги ўрни яхшиланади ва янги бозорларга чиқиши таъминланади;

- мижозлар ва ҳамкорларнинг Университетга бўлган ишончи ошади, ташқи муҳит ўзгаришларига тезкор жавоб бериш имкони яратилади;

- интеллектуал, техник ва иқтисодий ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади, ўзаро тан олиш имкониятлари кенгаяди;

- бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, фаолиятга оид камчиликларни аниқлаш ва ҳолатни яхшилаш имконини беради;

- университетда таълим сифатини ошириш ва ўқув жараёнларини халқаро таълим стандартлари асосида ташкил этиш имконини беради;

- ички иш самарадорлигини оширади, персоналнинг таълим сифатини оширишга бўлган масъулиятини кучайтиради;

- бизнес-жараёнларни тўғри режалаштириш ва амалга ошириш талабларини таъминлаш имкониятини яратади.

Энг асосийси, ISO 9001:2015 сертификати университетнинг фаолияти сифат менежменти тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлигини билдиради ҳамда барча даражалардаги бошқарув аппаратига сифатни ошириш юзасидан катта масъулиятни юклайди. Тошкент Кимё халқаро университети ўз мижозлари ва ҳамкорларининг ишончини оқлашга, хизмат кўрсатиш соҳасида рақобатбардош бўлишга, таълим сифатини янада оширишга астойдил бел боғлаган.