None

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг «Педагогика ва психология» кафедраси томонидан ташкил этилган


Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг «Педагогика ва психология» кафедраси томонидан ташкил этилган «Ривожланган мамлакатлардаги таълим тизими» мавзусидаги бинар маъруза ўтказилди.

Ахборот технологиялари етакчи ўринга чиқиб олган ҳозирги кунда ривожланган мамлакатларда мактаблар тизимини, таълим мазмунини янгилаш заруратга айланди. Эскича ўқитиш усуллари ва методлари маънан эскириб, таълимнинг илғор педагогик технологияларга асосланган методлари ва шаклларига эҳтиёж кучайди.

Ривожланган хорижий давлатларда таълимнинг мамлакат ички сиёсатига фаол таъсир этадиган ижтимоий жараён эканлиги - эътироф қилинган ҳақиқатдир.

Шу муносабат билан 2021 йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг «Педагогика ва психология» кафедраси ташаббускорлиги ва «Ижтимоий фанлар», «Корейс филологияси», «Иқтисодиёт» кафедралари ҳамда институтнинг Таълим сифатини назорат қилиш бўлими ҳамкорлигида «Умумий педагогика назарияси» фани ўқитувчиси Роҳила Авезова томонидан «Ривожланган мамлакатлардаги таълим тизими» мавзусида бинар маъруза дарси ташкил этилди.

Унда даставвал маъруза қилган Анна-Шарлотта Маркомбе Франция давлатида таълимнинг амалдаги ҳолати ва ўзига хослиги ҳақида тўхталиб ўтди.

«Бошланғич таълим» йўналишининг PRI-33,36 гуруҳ талабалари Анна-Шарлотта хонимга француз мактабларида бошланғич таълимнинг алоҳида хусусиятлари ва ютуқлари қандай эканлиги ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилиб тегишлича жавоблар олишди.

Шундан сўнг, Нанжинг университети магистри даражасига эга бўлган маърузачи Абдулҳасееб Муҳаммад жаноблари сўзга чиқиб, Ҳиндистонда таълим тизимининг моҳияти, ушбу соҳасидаги ютуқлар ва камчиликлар ҳақида фикр юритар экан, ҳинд маданияти ва таълимининг истиқболи тўғрисидаги порлоқ ўйлари ҳақида чуқур ҳурмат ва ифтихор билан ўртоқлашди.

Жанубий Кореялик ўқитувчи, Сун-Моон университети магистри Ким Ҳё Эун хоним эса ўз маърузасида Корея таълимининг тарихан таркиб топишидан бошлаб, бугунги кунга қадар ривожланиб келиши, ўзига хос либослари, шарт-шароитлари ва педагогик методлар ҳақида батафсил маълумотлар берди.