None

Жорий йилнинг 31 май куни Тошкент Кимё халқаро университетининг Наманган филиалида...


Жорий йилнинг 31 май куни Тошкент Кимё халқаро университетининг Наманган филиалида “Ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш методикасининг долзарб масалалари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Халқаро миқёсдаги ушбу анжуман ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш юзасидан илмий муаммолар ва уларнинг ечимларини аниқлаш мақсадида ташкил этилди. 
Анжуман ишида университетнинг халқаро ҳамкорлари, жумладан, Стратклайд, Кардифф Метрополитан ва Найл (Буюк Британия) университетлари, MARA Технология университети (Малайзия), Рузвельт университети (АҚШ), Варна Менежмент университети (Болгария Республикаси), Ханянг, Гачон, Ҳанкёнг Миллий университетлари (Жанубий Корея), Нежметтин Эрбакан университети (Туркия), Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги қатор университетлар, шунингдек, Наманган вилояти ва Наманган шаҳри ҳокимликлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, бошқа халқаро ва маҳаллий олий ўқув юртлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ташкилотлари ва Ўзбекистондаги хорижий мамлакатлар дипломатик миссиялари вакиллари фаол иштирок этдилар.
Анжуманни университет ректори в.б. К.Б. Ахмеджанов очиб берди. Анжуман иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов, Тошкент Кимё халқаро университети таъсисчиси А.В. Вахобов, Болгариянинг Варна менежмент университети ректори Т. Радев, Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ғ.О. Джамалов ва Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ғ.С. Муродхўжаев  ҳамда Наманган шаҳар ҳокими А.Х. Отаходжаевлар табрик сўзлари билан қутладилар. Ялпи мажлисда Ўзбекистон, Америка Қўшма Штатлари, Россия Федерацияси, Латвия Республикаси, Тожикистон Республикаси, Замбия давлати вакиллари томонидан ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишнинг замонавий тенденциялари, муаммолари ва ечимлари, ушбу соҳадаги ҳамкорликка бағишланган қизиқарли маърузалар қилинди. Хусусан, хорижий тилларни ўқитишнинг замонавий тенденциялари, Ўзбекистон ва Латвия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик, Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш бўйича миллий ташаббусларнинг аҳамияти, баркамол авлод таълим ва тарбиясидаги асосий муаммолар, ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишда мутахассислар малакасини ошириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокамаси бўлиб ўтди.      
Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши педагогика ва психология, махсус педагогика, адабиёт ва тилшунослик, инглиз тили ва рус тили, ижтимоий-гуманитар фанлар каби алоҳида шуъбаларда давом эттирилиб, уларда    ижтимоий-гуманитар фанларни интерфаол ўқитиш усуллари, талабалар орасида асосий компетенцияларни шакллантириш, имконияти чекланган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий ҳамда шахсий ривожланишида таълимнинг аҳамияти, таълим жараёнида инновацион таълим технологияларининг ўрни, глобал ўзгаришлар шароитида инглиз ва рус тилларини чет тили сифатида ўқитишнинг долзарб муаммолари, шунингдек,  номутахассислик таълим йўналишларида ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш методикасини такомиллаштиришга доир масалалар профессор-ўқитувчилар, олимлар ва амалиётчилар, тадқиқотчилар ва магистрантлар томонидан муҳокама қилинди ва илмий хулосалар шакллантирилди. 
Анжуман ишининг биринчи куни ўз якунига етиб, унда иштирок этган фаол маърузачилар университет томонидан тайёрланган эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирландилар. 
Анжуманнинг иккинчи кунида хорижий меҳмонлар ва иштирокчиларнинг гуллар шаҳри – Наманганда бўлиб ўтаётган 63-анъанавий халқаро гуллар фестивали ҳамда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига ташрифлари ташкил этилади.