None

Kimyo University Hospital


Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда белгиланган топшириқларнинг ижросидан бири сифатида, бугун пойтахтимизда Тошкент Кимё халқаро университети қошида «Kimyo University Hospital» клиникаси ўз эшикларини очдиТиббиётда хусусий секторга имконият берилгани рақобат ва сифатни оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Масалан, тиббиёт тизимида хусусий сектор улушини ошириш, унинг ҳуқуқий механизмларини яратиш, уларга кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида бу йўналишдаги шифохоналар сони 5300дан ошди

Шунингдек, шифокорларнинг малакасини ошириш, тиббий таълимни ривожлантириш ва тиббиёт янгиликларини оммалаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

«Kimyo University Hospital» клиникаси катталар ва болалар учун тиббиётнинг кўплаб йўналишлари бўйича диагностика, амбулатор ва стационар ёрдам кўрсатишга мўлжалланган.  Бу ерда 100дан зиёд янги иш ўринлари яратилиб, стационар шароитда даволаниш учун 120та ўрин ташкил этилди.

Яна бир эътиборли томони, ушбу тиббиёт муассасаси нафақат аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, балки тегишли соҳалар бўйича шифокорларнинг малакасини ошириш борасида ҳам ўзига хос марказ вазифасини ўтайди. Бу ерда АҚШ, Жанубий Корея, Туркия ва Хитойдан келган малакали мутахассислар иштирокида маҳаллий шифокорлар учун тиббиёт ютуқлари ва илм-фан янгиликлари юзасидан узлуксиз маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ташкил этилади.

Шу тариқа бу муассаса замонавий клиника, ташхис марказлари, лабораториялар ва университетни ўзида бирлаштирган тиббиёт кластерига айланди.

Клиникада қуйидаги йўналишлар бўйича шифокорлар фаолият юритади: кардиология, неврология, терапия, эндокринология, гастроэнтерология, ревматология, урология, гинекология, дерматология, жарроҳлик, оториноларингология (ЛОР), пластик жарроҳлик, қон томир жарроҳлик, офтальмология, ортопедия, травматология, аллергология, пульмонология, педиатрия, болалар неврологияси, реабилитация, физиотерапия. Барча шифокорлар юқори тоифага эга ва тиббиёт фанлари номзодлари.

Клиникада Philips, Olympus, Fuji Healthcare ва бошқа кўплаб компанияларнинг тиббий жиҳозлари билан жиҳозланган.

«Kimyo University Hospital» клиникасининг диагностика бўлими қуйидагилардан иборат: замонавий клиник лаборатория, ультратовуш, МРТ, рақамли рентген, функционал диагностика хоналари. Жарроҳлик бўлими 5 та кўп тармоқли операция хонасидан иборат бўлиб, ҳар қандай мураккабликдаги операцияларни бажариш имконияти мавжуд. Реанимация бўлими шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Стационар бўлимда клиника замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, инсультдан кейинги реабилитация жараёнида сурункали касалликлар, жумладан, қандли диабет, юрак ва буйрак етишмовчилигининг олдини олиш ва даволашни юқори савияда тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган.

«Kimyo University Hospital» болалар бўлими неврологик касалликларга чалинган ёш беморларни ташхислаш ва даволашга ихтисослашган.

Клиникада тиббиёт факультети талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун клиник база вазифасини ўтаб, тиббиёт соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондиришга хизмат қилади.