ON JULY 22 OF THIS YEAR, A SOLEMN DEGREE AWARDING CEREMONY TO THE FIRST GRADUATING STUDENTS WAS HELD AT THE YEOJU TECHNICAL INSTITUTE IN TASHKENT

ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 22 ИЮЛЬ КУНИ ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ЁДЖУ ТЕХНИКА ИНСТИТУТИ ИЛК БИТИРУВЧИЛАРГА ТАНТАНАЛИ РАВИШДА ДИПЛОМ ТОПШИРИШ МАРОСИМИНИ ЎТКАЗДИ


Жорий йилнинг 22 июль куни Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти илк битирувчиларга тантанали равишда диплом топшириш маросимини ўтказди. Маросимда, битирувчиларни табриклаш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Кетмонов Хатамжон Aбдураҳмонович меҳмон сифатида қатнашди. Тошкент шаҳридаги Вебстер университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент молия институти ҳам тадбирда иштирок этдилар. Илк битирувчилар сони 721 нафарни ташкил этди, шулардан 68 нафари имтиёзли. Шунингдек, 8 нафар битирувчи Туркиянинг Йилдиз техника университетида грант асосида ўқиб қайтишди. 

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган 2018 йил 24 июлдаги № ОТ 0002 давлат лицензияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасиниг 2019 йил 17 декабрдаги 1007-сон “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида олиб боради.
Институт томонидан берилган диплом Ўзбекистон ҳудудида тўлақонли тан олинади. Шунингдек, институт 2022 йилда Ўзбекистоннинг нодавлат олий ўқув юртлари орасида биринчилардан бўлиб хорижий KAZSEE ва IQAA агентликларининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги сертификатларига эга бўлди.
Институт таълим, фан ва ишлаб чиқаришда муваффақиятга эришмоқчи бўлган, интеллектуал салоҳиятли ёшларни талабалик сафига қўшилишга таклиф қилади. Институтининг асосий вазифаси - иқтисодиётнинг турли тармоқларида талаб қилинаётган замонавий касбий билим, компетенция ва амалий кўникмаларга эга, юқори малакали кадрлар ва мутахассисларни тайёрлаш. Институтнинг барча таълим дастурлари асосий иш берувчиларнинг талабларини инобатга олган ҳолда, халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган. 
Институтда ўзбек тили, рус тили ва инглиз тилларида бакалавриат, магистратура, кечки, сиртқи ва иккинчи мутахассислик бўйича таълим шакллари мавжуд. Таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил қилинган бўлиб, талабалар АҚШ, Европа ва Жанубий Кореянинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликдаги турли халқаро таълим лойиҳаларида 2+2 иккита томонлама диплом ҳамда 3+1 алмашинув таълим дастурларида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Институтнинг ҳамкор олий ўқув юртлари қаторига АҚШнинг Roosevelt University (Рузвельт университети) ва Florida University (Флорида университети), Жанубий Кореянинг Hanyang University (Ханянг университети), Chung Cheong University (Чунг Ченг университети), Gachon University (Гачон университети), Chosun University (Чосун Университети) Jeonju University (Жэонжу университети) ва Namseoul University (Намсэол университети), Бельгиянинг United Business Institutes (Бирлашган бизнес институтлари), Болгариянинг Varna Management University (Варна менежмент университети), Туркиянинг Yildiz Technical University (Йилдиз техника университети) ва Буюк Британиянинг University of Strathclyde (Старклайд университети) киради. Шунингдек, талабалар мобиллиги ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи халқаро компанияларида амалиёт ва стажировка (internships) тизими доирасида талабалар бир семестрлик алмашинув дастурларида иштирок этишлари мумкин.
Институтда халқаро ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар ҳамда маърузачи-амалиётчилар педагогик фаолиятни амалга оширмоқдалар. Улар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Япония, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Малайзия ва бошқа нуфузли олий ўқув юртларининг битирувчиларидир.
Ҳозирги кунда институтда 10000 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. 500 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ва ходимлар, 30 дан ортиқ кафедра, 28 та бакалавриат ҳамда 8 та магистратура таълим йўналиши фаолият олиб бормоқда.