None

Cамарқанднинг тарихий жойларига экскурсия


Самарқанднинг тарихий жойларига экскурсия: Талабалар ўртасида халқаро тажриба алмашинуви

2024 йил 2 октябрь куни Тошкент Халқаро Кимё Университетининг ижтимоий-гуманитар фанлар  ва Самарқанд филиалидаги тарих кафедраси ҳамда Германиянинг Фридрих Александр Эрланген-Нюрнберг университетининг замонавий ва шарқий Европа тарихи кафедраси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрининг тарихий жойларига эсда қоларли экскурсия ташкил этилди. 
Ўзбекистонлик ва Германиялик талабалар қуйидаги машҳур ёдгорликларга ташриф буюрдилар:

- Регистон майдони – Самарқанд шаҳрида жойлашган, уч меъморий обидадан ташкил топган мажмуадир. ,Талабалар майдонда жойлашган учта машҳур мадрасани кўздан кечиришди:
  - Шердор мадрасаси – меъморий нафосати ва юзасидаги ранг-баранг нақшлари билан ажралиб туради.
  - Тиллакори мадрасаси – ўзининг ғоят зеб-зийнатли интерьерлари ва тилларанг орнаментлари билан талабаларни ҳайратга солди.
  - Улуғбек мадрасаси – ўрта асрлардаги илмий билим маркази бўлиб, Улуғбек томонидан қурилган ва шу даврдаги астрономия ва математика фанларининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган.

- Амир Темур мақбараси – Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилган. Мақбара қурилиши буюк Соҳибқирон Амир Темур томонидан 1404 йилда бошланиб, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган. 

- Шоҳи Зинда – яъни «Тирик шоҳ» мақбаралар мажмуаси ўтмиш аждодларимиз тарихи ва тақдирида алоҳида ўрин тутади. У кўҳна Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, муқаддас зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. 

- Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи – ўрта асрларда астрономия ривожланишига улкан ҳисса қўшган машҳур астроном ва олим Мирзо Улуғбек томонидан 1428-1429 йилларда қурилган. Расадхона ўз даврининг энг илғор астрономик марказларидан бири бўлган. Талабалар расадхона музейида Мирзо Улуғбекнинг астрономик тадқиқотлари, ўша даврдаги астрономик асбоблар ва унинг илмий мероси билан яқиндан танишдилар. 

Экскурсияда Тошкент Кимё халқаро университетининг Самарқанд филиалида таҳсил олаётган тарих, туризм, инглиз тили таълими ва ахборот технологиялари йўналишлари талабалари иштирок этдилар. Германиялик талабаларга ўзбек талабаларининг ўқув ҳаёти, ўрганиладиган фанлар, келажакдаги режалари ва милий анъаналар ҳақида билиш жуда қизиқ бўлди. Бундай мулоқот ҳар икки томон учун маданий ва академик тажриба алмашинуви учун қимматли бўлди .