Самарқанд-2024» халқаро олимпиадаси
Самарқанд давлат тиббиёт университетида 2024 йил 13-14 декабрь кунлари ўтказилган «Самарқанд-2024» халқаро олимпиадаси катта қувонч билан ўтди. Ушбу нуфузли тадбирда 42 фан йўналиши ҳамда илмий тадқиқот лойиҳалари бўйича 4000 дан ортиқ талабалар ўз билим ва кўникмаларини намойиш қилишди.
Олимпиадада нафақат Ўзбекистон талабалари, балки МДҲ давлатлари ва бошқа хорижий мамлакатларнинг 52 та тиббиёт университети талабалари ҳам иштирок этди. Тадбир онлайн ва оффлайн шаклда ташкил этилиб, бу халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент Кимё Халқаро Университетининг 9 нафар фаол талабаси ҳам бу олимпиадада ўз билим ва салоҳиятини намоён қилди. Улар қуйидаги ютуқларга эришди:
Илмий лойиҳа бўйича Мирсаидова Жасмина биринчи ўринни қўлга киритди (илмий раҳбар: Абдурахимова Л.А.).
Травматология ва ортопедия бўйича Мардонов Бахром иккинчи ўринга сазовор бўлди (илмий раҳбар: Асилова С.У.).
Клиник анатомия йўналишида Адилов Абдужаббор иккинчи ўринни эгаллади (илмий раҳбар: Хатамов А.И.).
Урология соҳасида Ахмедов Абдулазиз учинчи ўринни қўлга киритди (илмий раҳбар: Хашимов Р.А.).
Гистология фанидан Ибодова Маржона учинчи ўринга лойиқ кўрилди (илмий раҳбар: Рахматова М.Х.).
Шунингдек, талабалар қуйидаги номинацияларда ҳам муваффақиятга эришди:
Анатомия фанидан Озодбекова Ситора «Мутлақ чемпион» деб топилди.
Абдумавлонова Дилдора микробиология фанидан «Энг билимдон иштирокчи» номинациясида ғолиб бўлди.
Абдиева Дилафруз биокимё фанидан «Энг юқори амалий кўникмага эга» сифатида эътироф этилди.
Физиология фанидан Шерқулов Бобур «Энг билимдон» номинациясини қўлга киритди.
Мазкур олимпиада таълим ва илм-фан соҳасида ёшлар ўртасидаги рақобатни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва янги авлод шифокорларини тайёрлашда муҳим қадам ҳисобланади. Ғолибларга ижодий изланишлар ва касбий ривожланишда муваффақиятлар тилаймиз!